Telegram’даги «Ekolog.uz» лойиҳаси Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида «канал суви ёпилиши оқибатида миллиардлаб балиқлар ҳалок бўлгани» ҳақида хабар эълон қилди. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Лойиҳа хабарида айтилишича, сув омборидан чиқадиган канал суви ёпиб қўйилгани сабабли 60 километр масофага чўзилган канал бўйлаб миллиардлаб балиқ нобуд бўлган. Маҳаллий аҳоли ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, сувнинг кескин камайиши оқибатида каналнинг тубида қолган сув куннинг иссиқлигидан қизиб кетган, бу эса кислород етишмаслигига ва балиқларнинг оммавий ҳалок бўлишига олиб келган.
«Ekolog.uz»нинг маҳаллий аҳолига таяниб ёзишича, сув омборининг тубида балиқчилик хўжалиги қурилиши режалаштирилган бўлиб, айнан шу мақсадда канал суви тўхтатилган. «Бу эса экологик мувозанатга катта зарар етказган».
Аҳоли айрим йирик балиқларни тирик ҳолда тутиб олиб кетишга улгурган, аммо канал бўйлаб қолган майда балиқларнинг деярли барчаси нобуд бўлган. Лойиҳа илова қилган видеода минглаб ўлик майда личинка балиқлар сув юзасига чиқиб қолгани кўринади.
«Мазкур ҳолат нафақат балиқ захираларига, балки бутун экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди лойиҳа муаммо бўйича расмий изоҳ бериш, тезкор чоралар кўришни талаб қилиб.
Жиззах вилояти экология бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди. «Жиззах сув омбори» масъул ходимларининг маълум қилишича, сув омборининг қишлоқ хўжалиги ерлари учун мўлжалланган суғориш қисмида гидротехник иншоот қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шу сабабли жорий йилнинг 20 июнь куни канал қисмини бетонлаштириш мақсадида омбордан сув чиқиши вақтинча тўхтатилган.
21 июн куни сув йўли яна қайта очилган. Сув оқими тўхтатилган вақт оралиғида канал ичида яшовчи балиқлар сувдаги кислород етишмовчилиги сабабли нобуд бўлган.
Бошқарма сув омбори яқинида қурилиши режалаштирилган балиқ етиштириш хўжалиги тақдирига ҳам тўхталиб, техник талабларга жавоб бермагани боис ишлар тўхтатилганини билдирди. Мазкур ҳавзанинг балиқлар нобуд бўлишига бевосита алоқаси аниқланмади, таъкидлади ташкилот.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Экобошқарма ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилинишига ишонтирди.