Ўзбекистон ташқи савдо ташувларини тезлаштириш учун Каспий денгизида ўз паромларини ишга тушириш ниятида. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи нафақат иқтисодиёт ва савдо, балки транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш учун ҳам катта аҳамиятга эга.
«Чунки бугунги кунда Ўзбекистондан юк ташишни амалга оширувчи бир қанча йўлаклардан бири бу — экспорт-импорт савдоси ва оғир юк ташиш — Озарбайжон ҳудудидан ўтувчи Ўрта йўлак», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон орқали контейнерли темирйўл ташиш бўйича имтиёзлар келаси йил охиригача узайтирилди: «Ҳурматли президентнинг ташрифлари туфайли бугун контейнер ва темирйўл транспорти бўйича 70 фоизгача имтиёзлар амал қилиш муддатини 2026 йилгача узайтирдик».
Илҳом Маҳкамов, шунингдек, Ўзбекистон Каспий денгизида юк ташиш кечикишларини камайтириш учун ўз паромларини ишга туширишга тайёрланаётгани ҳақида маълум қилди:
«Шунингдек, Каспий денгизи орқали юк ташиш даражаси ортиб бораётгани — паромлар 30−40 кун кутилаётгани ва юклар кечикаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон компанияларининг Каспий денгизидаги паромлар билан ишлаши бўйича ҳам музокаралар олиб боряпмиз ва ишлаяпмиз. Шу боис ўзбек компаниялари турк компаниялари билан биргаликда Каспий денгизида паромлар ташишга қарор қилди».
Унинг қўшимча қилишича, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қўшимча транзит ҳажмини таъминлайди: «Биз аллақачон инфратузилмани кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича келишиб олдик — биз бунга тайёрмиз».
Ўтган йилнинг август ойи охирида Озарбайжон президенти, айниқса, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши фонида денгизда юк ташиш соҳасида ҳамкорликни таклиф қилганди.
«Аввалги учрашувлардан бирида мен Шавкат Миромоновичга ҳозир Қора денгиз минтақасига фаолроқ ҳаракатланаётганимиз ҳақида маълум қилгандим. Биз 4 та Афрамакс танкерини сотиб олдик. Қора денгизда аввалдан бор кемаларимиздан ташқари. Шунинг учун, агар сиз келажакда бу билан қизиқсангиз, биз Қора денгизда ташиш бўйича биргаликда ишлашимиз мумкин, чунки у ерда буюртмалар ҳажми жуда катта ва Қора денгиз ҳавзасининг қийинчиликлари, улар айтганидек, ҳозир маълум. Шу боис бу ерда биргаликда ишлашимиз мумкин бўлган ўринлар бор», — деганди Илҳом Алиев.
Томонлар, шунингдек, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш, Боку ва учинчи мамлакатлар портларида омборлар ва логистика марказларини қуриш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрида Trend ўз манбасига таяниб Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма паромлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Лойиҳани молиялаштириш 150 миллион долларга баҳоланмоқда.
2023 йил июль ойида Ўзбекистон Грузия денгиз портларида узоқ муддатли денгиз терминаллари ва омборларни қуриш ва ижарага беришни режалаштираётгани хабар қилинган эди.