Атоқли давлат ва жамоат арбоби, собиқ Бухоро вилояти ҳокими Дамир Салихович Ядгаров 4 июль куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дамир Ядгаров 1937 йил 18 февралда Шофиркон туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ёшлар қўмитасининг котиблиги лавозимидан бошлаб, узоқ йиллар Ёшлар ташкилоти ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги масъул вазифаларда ишлаган.

Шундан сўнг у 1992−1994 йилларда Бухоро вилояти ҳокими сифатида ишлаган.

«Айнан ғоятда мураккаб кечган шу йилларда Дамир Ядгаров ҳудудда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бозор иқтисодиётига асосланган янги тартибларни жорий этиш, ҳудудда хусусий секторни жадал ривожлантириш борасида жонбозлик кўрсатди», — дейилади Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят амалдорларининг таъзия мактубида.

Қайд этилишича, унинг бевосита раҳбарлигида вилоятда селекция ва уруғчилик соҳасини илмий ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Бухоро филиали директори сифатидаги меҳнат фаолияти йилларида пахтанинг Зарафшон воҳасига мос 10 га яқин иқтисодий самарадор навлари кашф этилган. Қаттиққўл раҳбар ва меҳрибон устоз сифатида ўнлаб шогирдларни тарбиялаган.

Дамир Ядгаров «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

«Ушбу мусибатли кунда марҳумнинг барча оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдириб, яратгандан уларга сабр-тоқат тилаймиз. Дамир Ядгаровнинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу яшайди», — дея якунлаган ҳоким хатни.