Сўнгги кунларда тошкентликлар ижтимоий тармоқлар ва ОАВда электр таъминотидаги узилишлар ҳақида шикоят қилмоқда. Хусусан, Spot пойтахтда чироқ ўчиши «одатий меъёрга айланаётгани»ни айтган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Бунга жавобан «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг маълум қилишича, айни дамда Тошкент шаҳри ва вилоятларда «куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш» доирасида тақсимлаш тармоқларини янгилаш ва таъмирлаш, шунингдек, энергетика соҳасида давлат дастурлари ва қарорлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
«Мазкур жараёнда ишчи-ходимларни хавфсизлиги таъминлаш мақсадида ҳудудлар кесимида режавий ўчиришлар амалга оширилмоқда. Бундай режавий ўчиришлар Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамиятнинг корхона ва филиал фхборот хизматлари томонидан доимий равишда эълон қилиниб борилиши таъминланган», — дейилади хабарда.
Компания тармоқларни модернизация қилиш ва мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари «кечиктириб бўлмайдиган юмушлар сирасига кириб, айни пайтда ёзшнинг иссиқ кунларига қарамасдан олиб борилаётганини» таъкидлади.
Бундан ташқари, юқори ҳарорат даврида баъзи ҳудудларда фавқулодда ўчиришлар содир бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда фавқулодда вазиятлар гуруҳлари имкон қадар тезроқ оқибатларни бартараф этишга ҳаракат қилади.
«Ҳудудий электр тармоқлари» юзага келган ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўраб, режалаштирилган узилишлар ҳақида аҳолини тезкор хабардор қилиш чораларини кучайтиришга ваъда берди.
2024 йил 1 майдан бошлаб, сўнгги нарх ошганидан беш йил ўтиб, ижтимоий энергия истеъмоли стандартлари жорий этилганди. Ўшанда аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий норма доирасида) нархи 295 сўмдан 450 сўмгача (+52,5%), 1 куб метр газ 380 сўмдан 650 сўмгача (+71%) ошган. Истеъмол ҳажми ошганда, тариф бир неча баробар ошади.
2025 йил 1 майдан бошлаб тарифларда янги ўсиш кузатилди. Электр энергиясининг базавий қиймати яна 33,3 фоизга ошиб, 1 кВт/соат учун 600 сўмга, газ нархи 53,8 фоизга — 1 куб метр учун 1000 сўмгача ошади.
2026 йилдан электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олиб, аммо 10 фоиздан ошмаган миқдорда кўтарилади. Гарчи 2026 йилдан уларни камида уч йилга ўзгаришсиз қолдириш режа қилинганди.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги ва янги оширилган тарифларга қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирган. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун субсидиялар кўринишида 12,3 трлн сўм ажратиш режа қилинган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиётни 2028 йилга борибгина тўхтатиш кўзда тутилган.