Ўзбекистоннинг икки вилоятида ер участкаларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.
Сурхондарё вилоятида фуқаро М.Н. ва Олтинсой тумани кадастр палатаси бўлими муҳандиси А.Н. ҳибсга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, улар олдиндан тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган ва унга Олтинсой тумани Ипоқ маҳалласида жойлашган давлат захирасидаги 65 сотих ер майдонини 1,1 миллиард сўмга сотишга келишган.
Улар 300 миллион сўм аванс пулини олаётган вақтда ашёвий далил билан ушланган.
Фарғона вилоятидаги фермер хўжалиги ишчиси Ш. Ю. ҳам худди шундай жиноятни содир этганликда гумон қилинди.
Тергов маълумотларига кўра, у фуқаро Ф.Б.нинг ишончига кириб, унга 60 минг долларга иккита ер участкаси: фермер хўжалигига тегишли 26 сотих ер майдони ва унга туташ ҳудуддаги сув етказиб бериш хизматига қарашли муҳофаза зонасидаги 14 сотих ер майдонини сотиб олишни таклиф қилган.
Гумонланувчи олдиндан 35 минг доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.