Марказий банк 2 июлдан бошлаб эксперимент тарзида банклар томонидан турли хил кредитларнинг ўртача фоиз ставкалари бўйича маълумотларни эълон қилишни йўлга қўйди.
«Бу нима учун муҳим? Фуқаролар турли банклар таклифини осон таққослаб, ўзлари учун энг маъқулини белгилай олади. Бозордаги маълумотлар ноаниқлиги камаяди, шаффофлик ошади, танлов имкониятлари кенгаяди», — деди регулятор.
Маълумотлар Марказий банкнинг Кредит ахбороти давлат реестри базаси асосида шакллантирилади. Ҳозирча ушбу механизм тест режимида жорий қилинган ва «қўшимча таклифлар асосида» босқичма-босқич такомиллаштирилади.
1 июль ҳолатига автокредитлар бўйича ўртача ставка 24,1 фоизни, микроқарзлар бўйича эса 34,9 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун: жисмоний шахслар учун барча кредитлар бўйича ўртача ставка (микроқарзлардан ташқари) 23,7 фоизни, юридик шахслар учун эса 23 фоизни ташкил этади.
Автокредитлар бўйича энг паст ставкалар «Ипотека-банк» (21,1%), Orient Finans Bank (21,3%) ва Миллий банкда (23,5%) қайд этилди. Энг юқорилари — «Ҳамкорбанк» (29%), Madad Invest Bank ва InfinBank (ҳар бири 28%).
Микроқарзлар бўйича энг қулай таклифлар «Алоқабанк» (21,4%), InfinBank (25,6%) ва Миллий банкда (25,9%). Энг қиммат микроқарзларни Apexbank (40%), TBC bank (39,1%) ва Tenge bank (39%) тақдим этмоқда.
Аввалроқ Марказий банк кредит талаблари кучайтирилганига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки юқорилигича қолаётгани ҳақида хабар берган эди. Автокредитлаш соҳасида вазият яхшиланган бўлса-да, микроқарзлар бўйича хатарлар кўпайган. Бир нечта кредитга эга бўлган қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида «юқумлилик» хавфини ошириши мумкин.
2024 йилда жисмоний шахсларнинг умумий қарз юкининг ўртача даражаси барча мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда бироз ошиб, 34 фоизни ташкил этган. Яъни Ўзбекистон фуқаролари ўз даромадларининг учдан бир қисмидан кўпроғини барча қарзларга, жумладан, банклардан олинган кредитлар, микроқарзлар бўйича тўловлар ва бошқа мажбуриятларга хизмат кўрсатишга йўналтирган. Масалан, бир киши ойига 3 миллион сўм ишлаётган бўлса, кредит тўловларига 1,02 миллион сўм сарфлайди.
Регулятор маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 5 миллион фуқароси камида битта банк кредитига эга (микроқарзлар ва бўлиб тўловлар бундан мустасно). Шу билан бирга, сўнгги икки йил ичида бир нечта кредитга эга бўлган қарз олувчилар сони ортиб бормоқда — уларнинг 11 фоизи аллақачон уч ва ундан ортиқ кредитга эга.