Андижон шаҳрида эр ўз хотинини пичоқлаб, ўлдирди, дея хабар қилмоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 4 июль куни соат 9:30 ларда Андижон шаҳрида ёшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро Д.А. ўзининг турмуш ўртоғи, 1982 йилда туғилган М.Д. билан шаҳардаги Ўрикзор маҳалласида жанжаллашиб қолган. Жанжал пайтида Д.А. турмуш ўртоғини бўйин қисмига хўжалик пичоғи билан урган ва оғир жароҳат етказиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Олган оғир тан жароҳати оқибатида жабрланувчи М.Д. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи Д.А.ни қўлга олиш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Тезкор чоралар натижасида гумонланувчи Андижон вилояти Олтинкўл туманининг Кўмакай маҳалласи ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан топилиб, ушланган.