Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла ҳудудида қуввати 20 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилади, деб хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Лойиҳа қиймати 28 млн долларни ташкил этади. Қурилиш грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, дейилади хабарда. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев 1 июль куни объект учун 10 гектар ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Янги электр станцияси йилига 129,6 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бундай ҳажм кичик шаҳар ёки қишлоқни таъминлаш учун етарли. Бунинг натижасида йилига 811,1 минг куб метр табиий газ ёки 3,15 минг тонна кўмир тежалишига эришилади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, май ойида мамлакат қуёш ва шамол электр станциялари рекорд даражада — 1,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарган бўлиб, бу умумий ишлаб чиқаришнинг 17 фоизини ташкил этади. Ушбу ҳажмнинг 712 миллион кВт/соати қуёш станцияларига, 392,1 миллион кВт/соати эса шамол станцияларига тўғри келган.

2024 йилда қуёш ва шамол станциялари томонидан ишлаб чиқарилган энергиянинг умумий ҳажми 4,86 миллиард кВт/соатга етган.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида умумий қуввати 4067 МВт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 3 та шамол электр станцияси энергия ишлаб чиқармоқда.