Ижтимоий тармоқларда Фарғонада Malibu 2 русумли 40 081 SBA давлат рақамли автотранспорт воситасига тегишли қоидабузарликлар асоссиз равишда бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда тегишли автомобиль 100 дан ортиқ қоида бузгани, лекин қоидабузарлик ҳақидаги қарорлар «охирги зарурат юзасидан содир этилганлиги сабабли» ўчиртирилгани айтилган.
Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, ҳолат юзасидан аввалроқ фуқаро Ў.А.нинг аризаси асосида Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг беш нафар ходимига интизомий жазо қўлланган.
Шунингдек, Malibu 2 русумли 40 081 SBA давлат рақамли автомашинаси томонидан содир этилган барча қоидабузарликлар учун белгиланган жарималар қонун талабларига мувофиқ ундирилган.
Фарғона вилояти ИИБ фуқаролардан ҳар қандай қоидабузарлик ёки қонунбузарлик ҳолатларига дуч келганларида, масала юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини сўради.