Фарғонада ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан қоидабузарликлари бекор қилиб келинган Malibu машинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган, дея хабар бермоқда Kun.uz ўз манбаларига таяниб.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида Malibu машинаси томонидан содир этилган юздан ортиқ қоидабузарликлар асоссиз бекор қилиб келингани айтилган хабарлар тарқалгач, вилоят ИИБ ЙҲХБ муносабат билдирди. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилган ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо тайинланган. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбарининг Gazeta’га маълум қилишича, интизомий жазо олганлар орасида вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов ҳам бор.

Аммо матбуот котиби машина эгаси ким эканлиги шахсга доир маълумот бўлгани боис бу ҳақда ҳеч нарса айта олмаслигини билдирди.

Шунингдек, муносабатда Malibu русумли 40 081 SBA давлат рақамли автотранспорт воситасида содир этилган барча қоидабузарликлар бўйича жарималар белгиланган тартибда ундирилгани айтилган. Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот котиби Элбек Қобиловнинг Gazeta’га маълум қилишича, 2024−2025 йилларда ушбу машина томонидан содир этилган жами 61 та қоидабузарлик бўйича жарималар бекор қилинган.

«Хизмат текшируви якуни бўйича жарималарнинг барчаси ундирилган. Жарималарнинг умумий суммаси бўйича маълумоти йўқ», — дейди Элбек Қобилов.

У мазкур Malibu томонидан содир этилган қоидабузарликлар таҳлил қилиб кўрилмагани, улар асосан қандай турдаги қоидабузарлик эканидан хабари йўқлигини билдирди.

Тармоқларда тарқалган видеода эса 40 081 SBA давлат рақамли Malibu ҳатто бир нечта ҳолатда светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатланганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, хабарларда ушбу автомобиль 100 дан ортиқ қоида бузгани, лекин қоидабузарлик ҳақидаги қарорлар «охирги зарурат юзасидан содир этилганлиги сабабли» ўчиртирилгани айтилган.