Тошкент шаҳрида Тошкент вилояти ИИББ, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Оҳангарон шаҳар ИИБ тезкор ходимлари одам савдоси билан шуғулланган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.

Ўтказилган тезкор тадбирда Янгийўл шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган аёл осон пул топиш мақсадида ўзига таниш бўлган Сергели туманида яшовчи 33 ёшли аёлни алдаб, кўп даромад топишга ишонтириб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Москва шаҳрига шаҳвоний эксплуатация — фоҳишалик учун жўнатаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодекси 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошланган.

Одам савдоси жиноятини содир қилганлар 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.