Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон Европага «яшил» энергетика йўлаги лойиҳасини амалга ошириш учун Green Corridor Union LLC қўшма компаниясини ташкил этди. Бу ҳақда «Миллий электр тармоқлари» АЖ хабар берди.
1 июль куни Озарбайжоннинг «Азерэнержи» ОАЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва KEGOC (Қозоғистон) вакиллари қўшма корхонани таъсис этиш ва унинг уставини тасдиқлаш тўғрисидаги битимни имзолади.
Фарҳод Мамедов янги компания раҳбари этиб тасдиқланди. Корхона Бокуда рўйхатдан ўтган.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатларимиз учун энергетик хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш мақсадларимиз ва Европага „яшил“ энергия экспортини амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади», — дейилади хабарда.
Озарбайжон энергетика вазири ўринбосари Элнур Солтанов уч мамлакат ҳукуматлари ўртасида яшил энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимнинг аҳамиятини таъкидлади.
2024 йил ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган COP-29 халқаро иқлим саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаганди.
2030 йилдан бошлаб Ўзбекистон мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча «яшил» электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Озарбайжон Марказий Осиё, Кавказ, Европа, Каспий ва Қора денгизни ягона энергия йўлаги билан боғлаш учун Қора денгиз туби бўйлаб кабель ётқизмоқчи.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов 2024 йил 6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари доирасида Ўзбекистон 2030 йилда хорижга 10−15 млрд кВт/соат электр энергияси экспорт қилиш имкониятига эга бўлишини маълум қилганди.
«2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120−125 млрд кВт/соат атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бизда кўплаб генерация объектлари мавжуд — тахминан 135 млрд кВт/соат. Инфратузилма тайёр бўлиши билан электр энергиясини Европага экспорт қилиш мумкин», — деганди у ўшанда.
Ўтган йилнинг август ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Европа давлатларига электр энергияси экспорти ҳажми «кабель қуввати ва ҳамкорларнинг хоҳишига боғлиқ бўлишини» айтган эди. Энергетика вазирлиги раҳбари Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб тўлиқ қопланаётганини, шунга кўра, мамлакат Европага 2−5 ГВт энергия етказиб беришга тайёрлигини таъкидлаган.