Ўзбекистонда хусусийлаштирилган ер участкалари эгалари учун ер ва мол-мулк солиғини бирлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 5 июль куни Савдо-саноат палатаси томонидан меҳмонхона бизнеси ва аудиторлик компаниялари вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев маълум қилди.

«Бу йўналишда ҳам ишлар олиб борилмоқда. 2026 йилга мўлжалланган [солиқ] концепциясида кўрасиз. Агар ерни хусусийлаштирган бўлсангиз, биз бу механизмни ишга туширган бўлсак, яъни у сизнинг мулкингизга айланган бўлса, бу борада аллақачон буйруқ чиқарилган. Мантиқан, хусусийлаштирилган ер учун ер солиғини эмас, балки мулк солиғини тўлаш керак», — деди у.

Аудиторнинг икки томонлама солиққа тортилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, у шундай деб таъкидлади: «Бу икки томонлама солиққа тортиш деганига қўшилмайман. Йўқ, агар сиз ҳозир тўлаган бўлсангиз ҳам, бизда ҳали ҳеч ким ер учун мулк солиғини тўламаган, лекин тўлаши керак. Шу боис, бу 2026 йилдан бошлаб бўлар, балки. Лекин бунгача ҳам, масалан, бир ердан ҳеч ким икки марта ер солиғини ҳам, мол-мулк солиғини ҳам олмаган».

Унинг қўшимча қилишича, солиқларни бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисоблашга ўтиш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. «Бозор қиймати бўйича ҳам иш олиб борилмоқда, менимча, бу йўналишда силжиш бўлади», — деди у.