• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда бир ойда тиланчилик қилган 70 кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди


2025 йилнинг ярим йиллик ҳисоботига кўра, Тошкент шаҳрида тиланчиликни ўзига касб қилиб олган 1880 нафар шахс аниқланди, дея хабар бермоқда пойхахт Ички ишлар бош бошқармаси.

Қайд этилишича, тиланчилик қилиш қонун билан тақиқланган бўлишига қарамасдан, айрим шахслар буни ўзига даромад манбаига айлантириб олган.

Биргина июнь ойида Тошкент шаҳрида тиланчилик билан шуғулланаётган шахсларга қарши ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 300 га яқин шахс аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.

Жумладан, 70 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188−3-моддаси (Тиланчилик қилиш) билан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 47 нафари маъмурий жаримага тортилган, 68 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган ва суд томонидан огоҳлантирилган.

Шунингдек, 44 нафар бола «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази»ига топширилган. 15 кишининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари аниқланмагани сабабли Реабилитация марказига юборилган, 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 127−1-моддасига асосан (Тиланчилик қилиш) жиноят иш қўзғатилган. Қолган шахсларга нисбатан текширув ишлари давом этмоқда.

«Фойдали меҳнат билан шуғулланмай, ўзига тиланчиликни касб қилганлар нафақат юртимизнинг нуфузи, шаъни балки, сайёҳларнинг ватанимиз ҳақидаги тасаввурларига ҳам жиддий путур етказаётгани сир эмас», — дейилади бошқарма хабарида.

тиланчилик

Тиланчилик қилганларга қандай жазо қўлланади?

ИИББ тиланчилик билан шуғулланиш БҲМнинг 3 бараваригача (1 млн 125 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини эслатиб ўтди.

Вояга етмаган, кекса ёшдаги, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёҳуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш — БҲМнинг ўн бараваригача (3 млн 750 минг сўм) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Бу иш маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилса, шунингдек, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб; бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 127 прим 1-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *