Ички ишлар вазири буйруғи билан Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, дея хабар бермоқда ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошов.
«Тизимни таъмагирлик, порахўрлик сингари иллатлардан тозалаш ишлари олиб борилаётган бир пайтда, бошқарма бошлиғи яқин қариндошига тегишли бўлган Malibu 2 автомашинасида содир этилган қоидабузарликларни қонунга зид равишда яширишга урингани фош этилган», — дейилади хабарда.
Шундан сўнг Malibu русумли 40 081 SBA давлат рақамли автотранспорт воситасига белгиланган жарималар давлат фойдасига тўлиқ ундирилган.
Ҳозирда мазкур қонунбузарликка тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш учун қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида Malibu машинаси томонидан содир этилган юздан ортиқ қоидабузарликлар асоссиз бекор қилиб келингани айтилган хабарлар тарқалгач, вилоят ЙҲХБ муносабат билдирганди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилган ва бошқарманинг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо тайинланган. Улар орасида вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов ҳам бўлган. Аммо машина эгаси ким эканлиги очиқланмаган.
Орадан вақт ўтиб маълум бўлишича, қоидабузарликлари бекор қилиб келинган Malibu машинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган.