Франция пойтахтида 1923 йилдан бери биринчи марта Сена дарёсида чўмилишга расман рухсат берилди. 5 июль, шанба куни чўмилиш учун махсус жиҳозланган учта ҳудуд очилди, деб ёзмоқда Reuters.
Таъкидланишича, объектлар 31 августгача ҳар куни 1000 дан ортиқ сузувчиларни қабул қила олади. Уларда кийим алмаштириш хоналари, душ кабиналари, шезлонглар ва ётиш учун ўриндиқлар мавжуд, дам олувчиларнинг хавфсизлиги қутқарувчилар томонидан назорат қилинади. Чўмилиш жойларидан фойдаланганлик учун тўлов олинмайди.
Reuters агентлигининг қайд этишича, Сена дарёсида чўмилишга рухсат берилиши 2024 йилда бўлиб ўтган Париж Олимпиадасининг энг муҳим меросларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўшанда дарё суви мусобақа ўтказиш учун махсус тозаланганди.
Инвестициялар ўн минглаб уйларни канализация тизимига улаш, сув тозалаш иншоотларини янгилаш, кучли бўрон пайтида канализация тошиб кетишининг олдини олиш учун йирик ёмғир сувларини сақлаш резервуарларини қуришни ўз ичига олган. Ишлар учун камида 1,6 миллиард доллар сарфланган.
Сен-Луи ороли яқинида ташкил этилган чўмилиш зоналаридан бирига ташриф буюрган Париж мэри Анн Идалго шундай деди: «Бу болаликдаги орзу — Сенада чўмилаётганларни кўриш. Қаранг, бу ерда ҳамма мамнун» (France 24 иқтибоси).
«Биз скептикларга бунинг мумкинлигини исботлай олганимиздан айниқса хурсандмиз. Бу жуда мураккаб ва кенг кўламли лойиҳа эди», — деди Сена дарёсини тозалаш ишларига масъул бўлган Париж мэри ўринбосари Пьер Рабадан. Унинг таъкидлашича, сув сифати санитария меъёрлари ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.
Париждаги учта объектдан ташқари, пойтахт чегараларидан ташқаридаги Сена ва Марна дарёларида 14 та сузиш майдончаси ташкил этилади. Улардан иккитаси июнь ойидаёқ Марнада очилиб улгурди.
