Veolia Energy Tashkent 30 майдан 17 июлга қадар режалаштирилган иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари тўхтатилганини маълум қилди.

Компания синов ёндашувини қайта кўриб чиқаётганини ва қувурлардаги эҳтимолий аварияли қисмларни аниқлаш учун янги, хавфсизроқ усулларни ишлаб чиқаётганини айтди.

«Бизнинг мақсадимиз — 2025−2026 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик жараёнида аҳоли учун хавфларни минималлаштирган ҳолда иссиқлик таъминотининг ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш», — дейилади компания хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 10 июль куни Тошкент шаҳридаги Тиббиёт академияси ҳудудида иссиқлик тармоқларини синовдан ўтказиш вақтида диаметри 800 мм бўлган қувур ёрилиб кетди. Босим 12,6 атмосферани ташкил этди. Йўлдан ўтаётган бир неча кишига сув сачради, уч киши енгил жароҳат олди. Дўкон ойналари синиб кетди.

Кейинроқ Veolia Energy Tashkent барча зарарларни тўлиқ қоплашини маълум қилди.