Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Бу борадаги чора-тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ҳамкорлигида амалга оширилди, дея хабар бермоқда ДХХ.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаронинг пойтахтдаги Янгиҳаёт туманида ижарага олган яшаш манзили ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Текширув давомида у ерда сотиш мақсадида сақлаб келинган 16 249 дона «Zardex» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Суриштирувлар шуни кўрсатдики, гумонланувчи мазкур дори воситаларини илгари Telegram мессенжери орқали савдо билан шуғулланувчи номаълум шахсдан олган. Дорилар аввалдан Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги яширин жойга қолдириб кетилган бўлиб, у ердан олиб кетилган. Шундан сўнг, дори воситалари мижозларга етказилиши, бу хизмат эвазига гумонланувчи нархнинг бир қисмини — 16 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни савдогарга топшириши режалаштирилган бўлган.
Аниқланишича, «Zardex» дори воситаси таркибида «прегабалин» номли модда мавжуд. Ушбу модда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 818-сонли қарорига мувофиқ, кучли таъсир қилувчи моддаларга киритилган ва уларнинг муомаласи қонун билан қатъий тартибга солинган.
Ҳозирда қўлга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 251−1-моддаси 5-қисми (Кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Суднинг қарорига кўра, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
