Россиянинг Белгород ва Брянск вилоятларидан 99 нафар бола деярли 2 ҳафта давомида Тошкент вилоятидаги «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олади. Уларнинг ташрифи ҳақида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот берди.
Жараён Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таклифига биноан амалга оширилди, дейилади хабарда.
Аэропортда болаларни Россиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Андрей Ланчиков, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари кутиб олди.
Учиб келгач, болаларни мазали ва тўйимли нонушта билан меҳмон қилишди ва совғалар топширишди. Эртага болаларни сменанинг тантанали очилиши кутмоқда, дейди элчихона.

Таъкидланишича, бундай акция биринчи марта ўтказилмоқда, дипмиссия бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Ўтган ойда 100 га яқин украиналик бола «Анор» оромгоҳида дам олганди. Маданий дастур маҳорат дарслари, экскурсиялар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақаларини ўз ичига олган.
Аввал ҳам украиналик болалар Ўзбекистонга дам олиш ва реабилитация учун олиб келинган. Хусусан, 2023 йил август ойида 45 нафар болалар гуруҳи келганди.
