100 дан ортиқ гуманитар ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, жумладан, «Чегара билмас шифокорлар» ва Save The Children Ғазода «оммавий очлик» тарқалаётганидан огоҳлантирди, деб ёзмоқда New York Times.
Баёнотда айтилишича, Ғазога кунига ўртача 28 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами олиб кирилади, бу эса 2 миллиондан ортиқ аҳолини боқиш учун етарли эмас.
«Шифокорлар, айниқса, болалар ва кексалар орасида ўткир тўйиб овқатланмаслик бўйича рекорд кўрсаткичлар ҳақида хабар беришмоқда. Сувли ўткир диарея каби касалликлар тарқалмоқда, бозорлар бўшаб қолмоқда, чиқиндилар тўпланмоқда, катталар очлик ва сувсизланишдан кўчаларда йиқилмоқда», — дейилади баёнотда.
ҲАМАС гуруҳи назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир кун аввал сўнгги 24 соат ичида анклав касалхоналарида очлик ёки тўйиб овқатланмаслик туфайли 10 та ўлим қайд этилганини маълум қилди. Ўтган шанба кунидан бери жами 43 киши очликдан вафот этди.
Ҳалок бўлганлар сонининг мустақил тасдиғи йўқ, дея таъкидлайди NYT. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассисларнинг таъкидлашича, бу рақам кўпинча камайтириб кўрсатилади, чунки ўткир очликни бошдан кечираётганлар кўпинча диарея ёки вирусли инфекциялар каби бошқа сабабларга кўра вафот этади.
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури шу ҳафта Ғазо аҳолисининг деярли учдан бир қисми бир неча кун кетма-кет овқатланмаганини маълум қилди. «Одамлар инсонпарварлик ёрдами йўқлигидан вафот этмоқда», — дейилади баёнотда.
Исроил ҲАМАС билан келишув йўқлиги сабабли март ойидан бери Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни тўсиб қўйганди. Май ойи охирида анклав аҳолисига ёрдам тарқатиш учун ташкил этилган Исроил-Америка Ғазо инсонпарварлик жамғармаси янги тизимни жорий қилди, унга кўра, ёрдам бир нечта тарқатиш пунктларига боради. Исроил расмийлари шу йўл билан ҲАМАС томонидан инсонпарварлик ёрдами ўғирланишига йўл қўймаслик истагида эканини маълум қилди. Тарқатиш пунктларининг ўзи Исроил кучлари томонидан назорат қилинадиган Ғазо ҳудудларида жойлашган.
Бироқ тарқатиш пунктлари яқинида деярли ҳар куни фаластинликлар ҳалок бўлмоқда. Ўтган ҳафта БМТ 13 июль ҳолатига кўра, бундай пунктлар яқинида 670 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини, уларнинг аксарияти Исроил ҳарбийлари томонидан уюштирилган отишма туфайли ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу Ғазодаги очарчилик билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштиради, чунки аҳоли бу жойларга боришдан қочишни бошлаган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги инсонпарварлик ташкилотларининг мурожаатини «қатъиян рад этди», улар ҲАМАС тезисларини такрорлашини билдирди. Идора, шунингдек, БМТни Ғазода бўлган ёрдам билан юкларни тақсимлай олмасликда айблади. Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Ғазога ун, 2500 тонна болалар озиқ-овқати ва болалар учун юқори калорияли махсус озиқ-овқатлар ортилган 4,5 мингга яқин юк машинаси кириб келган.