Тошкент вилоятида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумни мансабдор танишлари орқали озодликка чиқариб беришни ваъда қилиб, унинг турмуш ўртоғидан 30 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, адвокатга нисбатан ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳри бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда процессуал тартибда чора кўрилган. У олдиндан келишилган 30 минг доллар маблағнинг 20 мингини олаётган вақтида ушланди. Пул ашё далил сифатида ҳужжатлаштирилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу адвокат аввалроқ гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган, бироқ бундан тегишли хулоса чиқармаган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора беришга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.