Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 28 июль куни транспорт ва логистика соҳаси тадбиркорлари билан учрашувда қўшилган қиймат солиғини қайтариш билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди.
Тадбиркорлардан бири жараённинг чўзилаётганидан шикоят қилди: у февраль ойидан бери илгари олиб кирган юк машиналари учун 750 миллион сўмлик ҚҚСни қайтариб ололмаётганини айтди.
Шерзод Кудбиевнинг таъкидлашича, солиқ тизими учун «оғир масала».
«Бюджетни пулини (ҚҚСни) нотўғри қайтариб берса — қамалади. Шу томони ҳам борда. Бу жуда оғир масала. 32 нафар солиқ идораси ходими жиноий жавобгарликка тортилди. Қўшилган қиймат солиғини қайтаришдаги хатолар учун, айрим жойдаги порахўрлиги эвазига», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, солиқ органлари ходимлари ҚҚСни қайтариш масаласига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
«Ҳозир бу ҚҚС билан ҳаммаси сувга ўхшайди: [ходим] музлатгичдан сув олади, унга пуфлайди, кейин қўшнисидан ҳам сўраб оляпти: «Мана шув сув совуқлиги тўғрисида маълумотнома бер, деб» — дея метафорани тилга олди у.
Кудбиев масъул ходимга тадбиркорнинг ҳолатини ўрганишни топширди, шунингдек, текширувлар ўтказиш ва ҚҚСни автоматик равишда қайтариб олиш имкониятини истисно қилиш учун бизнесга барқарорлик рейтингини ААА даражасига кўтаришни таклиф қилди.
«Сизлар ўрганиб чиқинглар етти ойдан бери нега сансалорлик бўляпти… Ёки яна биронта аҳмоқ пора сўраяпти ёки тадбиркорнинг ўзида хато ва камчилиги бор. Иккисидан бири», — деди қўмита раҳбари қўл остидагиларга мурожаат қилиб.
Май ойида Давлат хавфсизлик хизмати 82 млрд сўмлик ҚҚСни ноқонуний қайтариш схемалари аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Солиқ органларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаатдор бўлиб, 18 та корхонанинг рейтинг тизимидаги кўрсаткичларини сунъий равишда ошириб кўрсатган ва хатар даражаси ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлаган. Бу компанияларга катта миқдордаги ҚҚСни ноқонуний қайтариш имконини берди.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилди. Уни ҳисоблаш учун 23 та мезон, шу жумладан 9 та жарима ва 4 та рағбатлантириш мезонлари қўлланилади. Булар компаниянинг ишлаш вақти, рентабеллик даражаси, кўчмас мулк ёки ернинг мавжудлиги, ходимлар иш ҳақининг бозордаги ўртача кўрсаткичга нисбати ва бошқалар.
Рейтинги юқори бўлган тадбиркорлар учун рағбатлантиришлар берилади. «AAA» рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноят ишлари доирасидаги текширувлар бундан мустасно). ҚҚС суммаси текширувлар ўтказилмасдан бир кун муддатда қопланади (ҳозир — 7 кундан 30 кунгача).