Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси тасдиқланди. У сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Кодексга кўра, сув — умуммиллий бойлик, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Сувдан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади. Сув объектларининг тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

  • Ўзбекистоннинг ер усти ва ер ости сув объектлари;
  • Ўзбекистонда жойлашган ва унинг ҳудудини кесиб ўтадиган трансчегаравий ер усти ва ер ости сув объектлари.

Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин. Сув ресурсларини бошқаришда қарорлар қабул қилиш мақсадида республика ва ҳавзалар, зарур ҳолларда ҳудудлар даражасида коллегиал-маслаҳат органи шаклида сув кенгашлари ташкил этилади. Бундан ташқари, Вазирлар маҳкамаси ҳузурида Республика сув кенгаши ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Кодексга кўра, балиқ хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби юридик шахслар томонидан бузилганда, уларга нисбатан қуйидаги миқдорларда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланади, жумладан:

  • сувдан фойдаланувчилар белгиланган лимитдан ортиқ олган ҳар минг куб метр сув учун — БҲМнинг 20 фоизи;
  • сувдан фойдаланувчилар сув олиш шартномалари тузилмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун — БҲМнинг 30 фоизи;
  • сувдан фойдаланувчилар сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун — БҲМнинг 5 фоизи;
  • сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномасиз олган ҳар минг куб метр сув учун — БҲМнинг 40 фоизи.

Сув олиш тартибининг бузилиши молиявий санкциялар қўлланганидан кейин 1 йил ичида такроран содир этилганда, ушбу молиявий санкциялар 5 баравар миқдорда қўлланади.