• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва АҚШдаги ноқонуний ўзбек муҳожирлари ҳақида — Лола Ҳотамова билан суҳбат

Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва АҚШдаги ноқонуний ўзбек муҳожирлари ҳақида — Лола Ҳотамова билан суҳбат


Лола Ҳотамова номи катта авлод вакилларига яхши таниш. У ўзбек аёллари орасидаги илк сиёсий шарҳловчилардан бири сифатида 1980−1990 йилларда Ўзбекистон телевидениесида фаолият юритган. Ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов матбуот хизматида ишлаган ва кейинчалик Ислом Каримов билан муносабатларга доир турли уйдирма гап-сўзлар туфайли карьерасидан айрилган бу аёл 25 йилдан буён Америкада истиқомат қилади.

Олти йилдирки АҚШ иммиграция судларида таржимонлик қилаётган Лола Ҳотамова Тошкентга 2025 йилги келишида Gazeta мухбири Миролим Исажоновга интервью берди.

— Лола опа, Тошкентга хуш келибсиз. Чорак асрдан буён Америкада яшайсиз. Ўзбекистонга қанча муддатда келиб-кетасиз?

— Бу гал тўрт йил деганда келдим. Чунки океанортида сўнгги олти йил давомида ишларим анча кўпайган. Ҳозир АҚШ Адлия департаментига қарашли иммиграция судларида таржимонлик қиляпман. Ўзингиз биласиз, АҚШга жанубий чегара орқали Мексикадан келадиган ноқонуний мигрантлар сони кўпайиб боряпти. Хусусан, Ўзбекистондан ҳам келаётганлар кўп. Уларнинг суд ишларида машғул бўлганим учун ҳам сўнгги уч-тўрт йил давомида Тошкентга келиш имкони бўлмади.

— Нега айнан иммиграция судида ишлаяпсиз?

— Таржимонлик — менинг асосий касбим. Тошкент давлат дорилфунунининг шарқшунослик факультетида ўқиб юрган вақтларимдаёқ халқаро кинофестивалларда таржимон сифатида ишлашни бошлаганман. Шунингдек, ҳинд фильмларини кинотеатрларда синхрон таржима ҳам қилганман. Ҳатто Ўзбекистон раҳбарларидан Шароф Рашидовнинг уйларида уч марта бўлиб, ҳиндча киноларни оила аъзоларига таржима ҳам қилиб берганман. 50 йилдан буён таржимонлик қиламан. Гарчи орада бир журналист ва шарҳловчи сифатида ишлаган бўлсам-да, таржимонлигимни бир нафас ҳам унутган эмасман.

Америкада чорак асрдан бери яшаётган бўлсам-да, ўтган давр ичида бир қанча жойларда — тиббиёт офислари, адвокатура фирмаларида таржимонлик қилдим. Ҳозирги ишим учун эса Адлия департаментидан таклиф олдим ва бажонидил рози бўлдим. Юқорида айтганимдек, Америкада ҳаддан ташқари ноқонуний муҳожирлар кўпайиб кетгани учун ҳозир таржимонларга бўлган талаб ниҳоятда ошиб кетган. Мени ишга олган компанияда икки мингдан зиёд таржимон 200 дан ортиқ тил билан ишлайди. Баъзи тиллар бўйича таржимон топиш ниҳоятда қийин бўляпти. Яқинда: «Мабодо қорақалпоқ тилини ҳам билмайсизми?», деб сўрашди. Афсуски, мен бу тилни билмайман, деб жавоб бердим. Айтмоқчиманки, айни пайтда таржимонларга талаб жуда катта.

— Суд жараёнларида қайси тилларда таржимонлик қиласиз?

— 2019 йилдан бери судларда таржимонман. Бу мақомга эришиш албатта, осон бўлгани йўқ. Жанубий Калифорния таржимонлар мактабида онлайн ўқидим ва имтиҳон топширдим. Имтиҳон ҳам бир нечта таржима тури бўйича ўтказилди. Яъни, «подстрочний», синхрон ва ёзилган матнни таржима қилиш бўйича синовларда қатнашдим. Шунингдек, инглиз тилидан ташқари, ўзбек, рус ва ҳинд тиллари бўйича ҳам имтиҳон топширдим. Барчасидан муваффақиятли ўтганимдан сўнг иммиграция судларида таржимонлик қилиш учун махсус лицензияга эга бўлдим. Ҳозир тўрт тил бўйича таржимонлик хизматини кўрсатяпман.

— Сиз фақат АҚШга Мексика орқали ноқонуний борган ўзбекистонликлар судида қатнашасизми?

— Ҳа, айнан ноқонуний мигрантлар билан шуғулланамиз. Лекин улар орасида нафақат Мексика, балки Канада, ҳаттоки, океан орқали қайиқда келадиганлар ҳам бор. Қўлида визаси, яъни Америкага киришга расмий рухсати бўлмаган одамларни, албатта, чегарада Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) ходимлари ушлайди ҳамда махсус қамоқхоналарга олиб боргач, уларга қарши иш очилади.

Тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, одатда мигрантларни қамоқхонада саккиз ойдан ортиқ сақламасликка ҳаракат қилишади. Лекин ҳозирги даврда ҳаддан ташқари кўп — бир неча миллион одам ноқонуний кириб қолгани сабабли судлар ишларни кўришга улгурмаяпти. Судьяларнинг айтишича, уларнинг иш кўриш жадвали 2030 йилгача тўлган, судьялар ҳам етишмаяпти. Муҳожирларнинг ҳаммасининг ишини қонунан кўриб чиқиш учун имконият бўлмаганлиги туфайли баъзида саккиз ойдан ҳам кўпроқ қамоқда қолишга тўғри келяпти.

— Чегарада тутиб олинган муҳожир қамоқхонага жойлаштирилгач, унга қандай айбловлар қўйилади?

— Олдин уларнинг қўлига «notice to appear» ҳужжати, яъни судга чақирув қоғози берилади. Унда АҚШ ҳукумати томонидан қўйилган тўртта айблов қайд этилган бўлади. Биринчичи — сиз АҚШ фуқароси эмассиз, шуни тан олишингиз керак. Иккинчи айблов — сиз Ўзбекистонда яшагансиз ва шу мамлакат фуқаросисиз, буни ҳам тан олишингиз керак. Учинчиси — сиз фалон вақтда, фалон штат орқали АҚШ ҳудудига ноқонуний кириб келгансиз. Тўртинчи айблов — кириб келган вақтда қўлингизда мамлакат ичига кириб келишга рухсат берувчи бирор бир ҳужжат ёки виза бўлмаган.

Агар муҳожир суд бошида мана шу айбловларни тан олса, судья унга бирор бир имтиёз таклиф этади. Яъни, сизда ҳозир АҚШ ҳукуматидан бошпана сўраш имконияти бор ёки сизни мамлакатдан чиқариб юборишни тўхтатишни сўрашингиз мумкин, дейди. Агар ўз юртингизда қийноқларга дуч келган бўлсангиз, БМТ қошидаги «Қийноқларга қарши» конвенциядан ҳимоя сўрашингиз мумкин, деб айтилади.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

— Америкадан бошпана олмоқчи бўлган ўзбекистонликлар суд вақтида кўпроқ қанақа сабабларни айтади?

— Бошпана олишнинг бешта тамойили бор, яъни ўз юртингизда ирқингиз, миллатингиз, динингиз, сиёсий қарашларингиз ёки бирон бир ижтимоий-сиёсий гуруҳга мансуб эканингиз туфайли сизга нисбатан таъқиб, тазйиқ бўлиб, зиён-заҳмат етган бўлса ёки қийноқларга дуч келган тақдирингизда, ҳукумат ташкилотлари сизни ҳимоя қилолмаганини исботлаб берсангиз, бошпана беришлари мумкин.

Ўзбекистондан келаётган муҳожирларнинг кўпчилиги иммиграция қонунларини билмайди. Бу ниҳоятда ачинарли ҳолат. Ёшлар келяпти, аксарияти 20 ёш атрофида. Ўзбекистонда бу ёшларга нисбатан қанақа тазйиқ бўлиши мумкин? Буни исбот қилиб бера олмайди. Кўпинча уларга нисбатан бўлган ноҳақликни айтишади: кимнингдир бизнесини олиб қўйишган, кимнингдир адолатсизлик билан уйини, пулини олиб қўйишган. Афсуски, бу сабаблар бошпана олишга асос бўлмайди ва уларнинг иши охир-оқибат депортация билан тугайди.

Бундан ташқари, суд пайтида бошпана олиш учун қандайдир ёлғон ҳикоялар айтсангиз — АҚШ судлари, тажрибали судьяларнинг моҳирлиги ҳам шундаки — ёлғонларингиз бир пастда ошкор бўлади. Шунақа саволлар беришадики, мисол учун, «Мени уришди, қийнашди», деган гап учун прокурор ҳам, судья ҳам барча тафсилотларгача сўрайди: «Хўш, нима билан уришди? Тўқмоқ биланми, қўл биланми, мушт биланми? Қайси жойингга уришди? Қанақа жароҳат олдинг? Шифокорга бордингми? Нима ташхис қўйишди, қанақа даволаш бўлди, нима дорилар олдинг?» ва ҳоказо. Бундай саволларга жавоб топиб бериш осон эмас. Бунга бошидан чинакамига тазйиқ ўтказган одамгина жавоб бериши мумкин. Американинг чиройли ҳаётини орзу қилиб, ўзича бир афсона тўқиб келганлар бундай саволларга чидолмайди.

— Муҳожирнинг АҚШдан депортация қилиниши учун суд қарори бўлиши шартми?

— Албатта, мамлакатга ноқонуний кириб олган ҳар қандай муҳожир суднинг қарори билангина чиқариб юборилади. Муҳожирнинг адвокат ёллаш ҳуқуқи, ўзининг асосий аризаси, яъни бошпана аризасини қўллаб-қувватловчи қўшимча далилларни, турли маълумотномаларни — тиббий маълумотномалари, уйни тинтув қилиш ордерлари ёки милициядан, суддан келган ҳужжатларни инглиз тилига таржима қилиб, судга бериш ҳуқуқи, ўз томонидан гувоҳларни судга чақириш ҳуқуқи бор. Агар муҳожир суд қароридан норози бўлса, уни апелляцияга бериш ҳуқуқи ҳам мавжуд. Бу ҳуқуқ 30 кунгача сақланиб қолади. Агар бир ойгача муҳожир томонидан апелляция судига шикоят хати келиб тушмаса, бу олдинги судья чиқарган қарор сўнгги ва қатъий, деган маънони англатади.

Мигрантлар олдида яна бир вариант бор — ўз ихтиёри билан мамлакатдан чиқиб кетиши мумкин. Буни ҳам судлар сизга худди бир имтиёздек таклиф қилади. Мисол учун, ўз ихтиёрингиз билан кетсангиз, маълум вақтдан кейин яна Америкага қонуний асосда қайтиб келишингиз мумкин. Лекин суд қарори билан кетадиган бўлса, 10 йилгача АҚШга кира олмайди, Green Card’га ариза беролмайди, мақомини ўзгартиролмайди, мамлакатдан чиқариб юборишни тўхтатиш ёки ўз ихтиёри билан кетишни сўрай олмайди. Асосий фарқи шу.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Ҳозирги кунда ўз ихтиёри билан юртига қайтаётганлар кўп. Айниқса, Трамп ҳокимиятга келгач бу кўрсаткич ўсяпти. Ўзбекистонга жўнашимдан икки кун олдин Пенсильвания штатининг Филадельфия шаҳрида икки кун ишладим. Қамоқхонада ўтирган беш-олти нафар муҳожир депортация сўради, ўз ихтиёри билан кетишга қарор қилди.

— Судланувчига суд билан боғлиқ жараёнларда қандай имтиёзлар берилади? Масалан, таржимон ёки адвокат хизматидан бепул фойдаланиши мумкинми?

— Суднинг ўзи бепул адвокат бериши мумкин. Аммо ҳукумат томонидан берилмайди. Ҳар бир судда маҳаллий адвокатлар бор — ана шу ҳудуднинг ўзида ишлайдиган. Кўпинча улар ўқишни энди битириб келган, катта тажрибага эга бўлмаган янги адвокатлар ёки талабалар бўлади. Шунингдек, хайрия учун ҳам текинга ишлашни хоҳлайдиган адвокатлар бор, бироқ улар инглиз тилида ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўпи тил билмагани учун анча қийинчиликларга дуч келади, шу боис таржимон қидиришга тўғри келади. Кўп суд мажлислари таржимон бўлмагани учун орқага сурилади ва шу сабабли ўз вақтида қамоқдан чиқиб кета олмайдиганлар бор.

Бизнинг SOS International фирмаси Адлия департаменти билан тузган шартномага асосан, давлатдан пул олади ва унинг маълум қисмини таржимонларга иш ҳақи сифатида беради. Шу тариқа қамоқда ўтирган муҳожир биз таржимонларга пул тўламайди. Адвокатларга эса тўлаши мумкин. Адвокатларнинг ўзи ҳам баъзида таржимонлар ёллаши мумкин.

Муҳожирнинг қамоқхонада яшашини — уч маҳал бепул овқат, бепул кийим-кечак — Америка ҳукумати кўтаради. Қамоқда уларга жуда яхши қарашади. Қамоқхоналарда бўлган суд вақтида бизга 5−10 дақиқа танаффус беришади. Шундай вақтларда қамоқхонадаги шароитлар билан танишиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб оламиз.

Лекин оғир касалликка чалинган муҳожирлар ҳам бор. Улар гоҳида бизга яхши шифокорлар топиб беришмаяпти, деб шикоят қилишади. Америкада энг қиммат нарса — бу тиббиёт. Биз ўша ерда доимий яшайдиган одамлар тиббий суғурта учун ҳар ойда катта-катта пул тўлаймиз. Кечагина чегарани бузиб кирган ноқонуний одам бепул тиббий ёрдам оламан, деб хомтама бўлиши тўғри эмас.

Тўғри, бирор жойи оғриган бўлса, оғриқни қолдирадиган дори бериши ёки жиддий жароҳати бўлса, бир неча кунга касалхонага ҳам олиб бориши мумкин. Аммо ноқонуний мигрантларнинг сурункали касалликларини даволашади, дейиш хато.

— Суд иши тугагунича қамоқхонада сақланаётган муҳожирда гаров эвазига озодликка чиқиш варианти ҳам бор экан. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Тўғри, қамоқдан чиқишнинг яна бир йўли бор — бунда, сиз айтгандек, гаров пули тўлаш керак. Бунинг учун ҳомий бўлиши керак, яъни ўша муҳожирни яхши танийдиган таниши ёки қариндоши ўртада кафиллик қилиши лозим.

Тажрибамда энг кичик гаров пули 1500 доллар бўлган бўлса, энг каттаси 25 000 долларга тенг эди.

Агар муҳожир прокурорни у жамият учун хавфли одам эмаслигига, бирон бир жойга бориб одамларнинг устига машинада босиб, кимнингдир ўлдириш ёки бомба портлатиш нияти йўқлигига, кейинги судга албатта келишига ишонтира олса, қочиб кетмаса, прокурор ва судья ўзаро маслаҳатлашган ҳолда гаровга чиқиш суммасини белгилайди. Агар прокурорда заррача гумон пайдо бўлса, «бу қочиб кетади, кейинги судга келмайди», деган шубҳа уйғонса, муҳожирнинг оёғига электрон билакузук тақишади. Унинг қаердалиги, қочиб кетмаслиги назорат қилиб борилади.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Муҳожир гаров эвазига озодликка чиққач, судга қамоқхонадан эмас, балки яшаш жойидан бемалол қатнайди. Лекин унга иккита мажбурият юкланади: кейинги судга албатта қатнашиш ҳамда яшаш манзилини маълум қилиш. Ҳар гал бошқа штатга кўчганида беш кун ичида иммиграция судига ўзининг янги манзилини маълум қилиши лозим, бунинг учун махсус бланка бор — 33-формани тўлдириб, судга жўнатиши керак.

Агар муҳожир қочиб кетса, гаров пули қайтариб берилмайди. Судга вақтида келиб, ишни давом эттириб, судни муваффақиятли тугатса, қайтариб берилади.

Менга ҳам одамлар гаров орқали чиқишида ҳомий бўлинг, ёрдам беринг, дея турли мурожаатлар билан чиқишади. Афсуски, таржимонларда бунақа имконият йўқ. Бугунги фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, бундай илтимослар билан менга мурожаат ҳам қилманг, ёрдам ҳам кутманг. Мен ҳатто суд жараёнида муҳожир билан ўзимча гаплаша олмайман ҳам. Ҳаммаси судья ва прокурорнинг назорати остида бўлади. Икки оғиз ортиқча гапирсангиз, «Нима дедингиз?», деб сўрайди. Фақат уларнинг гапини таржима қилишимиз керак. Таржимонларнинг имкониятлари чекланган. Биздан кўп нарса кутиб бўлмайди.

— Ноқонуний муҳожир суд қарори орқали бошпана олганидан кейин унга қандай ҳуқуқлар берилади?

— Бошпана олгандан сўнг у оиласини Америкага олиб келиш имкониятига эга бўлади ва Green Card’ни ҳам анча тез олади. Ҳозир навбат жуда катталиги учун бунга ҳам бирор йил кетиб қолиши мумкин. Лекин бошпана олган одам қўрқмасдан эркин яшайди, чунки у қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлади.

Мен асосан ўзбекистонликларнинг судида таржимонлик қиламан. Уларнинг ўртача 10 фоизи бошпана олиш ҳуқуқини қўлга киритяпти. Таъкидлаганимдек, ҳозир бу ерга кўпроқ ёшларимиз, яхшироқ, моддий жиҳатдан фаровонроқ ҳаётни излаб келяпти. Уларнинг ҳаётида бошпана олишга сабаб бўла оладиган бирор жиддий нарса йўқ. Лекин ҳақиқатан ноҳақликка, расмийлар томонидан адолатсизликка учраганлар бошпана оляпти, буни исбот қилиб беришяпти. Асосан, сиёсий қарашлари туфайли олишмоқда.

— Ўзбекистон фуқаролари Америка чегарасигача қайси давлатлар орқали бормоқда? Улар барибир бу ҳақда суд жараёнида айтса керак.

— Охирги суд мажлисларидан бирида бир йигит 12 та давлат орқали келганини айтгач, ҳайрон қолдим. Унга бу маршрутни ким берганини билмайман. Қанча пул кетганини тасаввур қилаверинг. Россияликлар Мексикага бемалол визасиз киради. Россиялик бир йигитнинг ишида қатнашганимда, у бор-йўғи 1500 доллар сарф қилганини айтганди. Ўзбекистонликлар энг камида 15−20 минг доллар сарф қилиб келади. Қайси давлатлар орқали? Доминиканага борганларини эшитаман, Ямайка, Перу, Чили, Бразилия, Аргентина, Коста-Рика, Гватемала, Гондурас, Мексика… Ишқилиб, энг камида етти-саккиз мамлакатдан ўтиб келишади.

Америкага ноқонуний бораётган ўзбекистонликлар орасида ёшлар жуда кўп. Ҳатто 20 ёшга тўлмаганларни ҳам кўраман, хотин-қизлар ҳам кўп. Боласи билан келаётганлар ҳам анча. Бир аёлни эслайман — учта боласи бор, уларни қамоққа олишмаган, лекин ўзи маълум вақт қамоқда ўтиргач, 25 минг доллар гаров пули тўлаб чиқди. Чунки прокурор у аёлнинг кейинги судга келмаслигига шубҳа қилди ва шу сабабли гаров пули катта белгиланди. Гаров пули уларни қочиб кетишдан сақлаб туради.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

— Судлардаги фаолиятингизга қадар нималар билан шуғулландингиз?

— Америкага 2000 йилда тўрт йиллик турист визаси билан борганман. Бошида чол-кампирларга ҳам, ёш болаларга ҳам қараб, энагалик қилдим. Меҳмонхонада ресепшнида ҳам ишладим. Тил билганим анча фойда бўлди, албатта. Чунки тил билган одамларга барибир муносабат сал бошқачароқ, ишлаш имкониятлари кўпроқ. Кейинчалик, Green Card олганимдан сўнг, тузукроқ ишларга ўтдим. Кексаларга парвариш хизматини кўрсатадиган фирмада координаторлик қилдик. Флоридда риелторлик ҳам қилиб кўрдим — бу мен учун янги бир касб бўлди. Чунки АҚШда уй олди-сотдиси оммалашган иш ҳисобланади. Назаримда, ҳозирги ишим, яъни таржимонлик тажрибамга энг кўп мос келадиган касб, деб ўйлайман.

— Охирги йилларда фуқаролари Green Card ўйнайдиган мамлакатлар орасида Ўзбекистон юқори ўринларни эгаллаяпти. Ҳатто АҚШга Мексика орқали ноқонуний кириб бораётган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайяпти. Нега одамларда Америкага қизиқиш ва у ерга интилиш баланд? Бунинг сабаби фақат мўмай даромад топишми?

— Биринчидан, албатта, моддий сабаб, деб ўйлайман. Чунки ҳар ким яхшироқ, фаровонроқ ҳаёт кечиришни хоҳлайди. Америка Қўшма Штатларида одамлар қаттиқ ишлайди. Ишга жуда ҳам виждонан ёндашилади. Шу билан бирга «overtime» деган нарса бор, яъни иш берувчи 40 соатдан бир соат ортиқ ишласангиз ҳам одатда сизга тўлайдиган пулни бир ярим баравар қилиб тўлайди. Мана шундай ишлаш натижасида бу мамлакат катта муваффақият ва натижага эришган, деб ўйлайман.

Иккинчи сабаби, назаримда, бу демократик ўзгаришлар. Ҳақиқатдан Америкада демократия кучли, у ерда адолат бор. Ўзбекистонда судларни ҳам сотиб олиш мумкин. Мисол учун, адолат талаб қилган одамлар йиллаб судлар остонасида юради, лекин судларнинг кўпи амалдорларга ёки пулдорларга ён босади. Америкада шу нарсани кўрмадим — барчаси фақат қонунга, Конституцияга бўйсунади. Ҳозирги республикачи президент Трамп баъзида ўхшовсиз қонунлар чиқаряпти, лекин айрим судлар унга бўйсунмаяпти. Олий суд ҳам, иммиграция судлари ҳам, худди «Президент бўлсанг ўзингга, биз сенга эмас, Конституцияга — Асосий қомусга бўйсунамиз», дегандек, Трампнинг раъйига қарши ҳам чиқяпти. Менимча, мана шу омиллар бошқа давлатдан келаётганларни Америкага жалб этса керак.

— Сизни катта авлод вакиллари сиёсий шарҳловчи сифатида яхши танийди. Аммо мутахассислигингиз бўйича ҳиндшунос таржимонсиз. Телевидениедаги фаолиятингиз ҳам таржимонликдан бошланганми ёки танлов орқали телебошловчиликка қабул қилинганмисиз?

— Университетда талаба сифатида жуда ҳам фаол эдим, турли мажлисларда қатнашардим. Мусиқа мактабини битирганимда «Қизлар давраси» кўрсатувида рубоб чалиб чиққанман. Ўшанда таниқли композитор Муҳаммаджон Мирзаев мени кўриб, «Сизда мусиқа эшитиш қобилияти, „слух“ бор экан. Консерваторияга ўқишга киришингиз керак, бастакор бўлиш имкониятингиз бор», деган. «Қизлар давраси» орқали режиссёрлар бошқа кўрсатувларга ҳам таклиф қила бошлади. «Куйланг, ёш хонандалар», «Доира рақсга чорлайди», «Интернационал дўстлик клуби» каби кўрсатувларда чиқиб юрган вақтим ҳам ҳали талаба эдим.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Тўртинчи курсда ўқиб юрганимда, 8 март муносабати билан талабалар номидан рус тилида табрик сўзи айтаётганимда, Давлат телерадио қўмитаси раҳбари Убайдулла Иброҳимов олдимга келиб, «Овозингиз жуда ёқимли экан, қизим. Бизга дикторликка ишга келинг», деган. «Битирувчи курсда ўқийман, ҳали битирганим йўқ-ку», десам, «Майли, бешинчи курсга ўтинг-да, ярим ставка бизда ишлашни бошланг», деган. Шу тариқа телевидение ва радиодаги фаолиятим бошланган.

Бошида 7−8 йил радиода ишладим. Кейин телевидениенинг тоши босиб, у ердаги фаолиятимга кўпроқ урғу қаратдим. Ўзбек аёлларидан чиққан биринчи сиёсий шарҳловчи бўлдим. Халқаро жараёнларга шарҳ беришдан ташқари, ички сиёсат ҳақида ҳам баҳс этадиган бўлдим. Мана шу фаолиятим кейинчалик, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонида ишлаш имкониятларини ҳам очиб берди.

— Кўплаб таниқли шахслар ва сиёсий арбоблар билан суҳбатлашишга муяссар бўлгансиз. Эсда қоларли интервьюнгиз ким билан кечган? Қайси интервьюингиз сиз учун жиддий ўзгаришларга сабаб бўлган?

— Кинофестивалларда таржимонлик қилганим мен учун жуда бир ажойиб тажриба берган. Жуда катта актёрлар билан бевосита мулоқот қилганман. 1974 йили, ҳали университетни битирмасимдан, бизнинг кафедрадагилар «Сизларга озгина тажриба, амалиёт керак, бориб ишланглар», деб бизни Ҳиндистон делегациясининг ихтиёрига топширган. Ўшанда биринчи марта машҳур режиссёр ва актёр Раж Капур, унинг ўғли Риши Капур билан танишганман. Мени ҳатто Риши Капурнинг шахсий таржимони қилиб қўйишган. Ўшанда жуда фахрланиб кетганман. «Бобби» фильми муваффақият қозонгани учун ҳамма Риши Капурнинг атрофида гирдикапалак бўларди. Бизни ҳар хил маросимлар, кечаларга таклиф қилишарди.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Ҳиндистонлик актёр ва режиссёр, Капурлар сулоласининг машҳур вакилларидан бири Риши Капур билан. 1974 йил
Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Ҳар икки йилда бўладиган фестивалларда ҳам бошқа кино актёрлар билан учрашганман: Зийнат Омон, Шабона Азмий, Митҳун Чакраборти, Ҳема Малини сингари машҳурлардан интервью олганман, барчаси эсда қоларли бўлган. Ҳиндистоннинг СССРдаги элчиси Тошкентга келганида, у киши ҳам интервью берган.

Кейинчалик, Ҳиндистон бош вазири ташриф буюрганида, аэропортда ундан ҳам интервью олганман. Ўша вақтда Ислом Каримов ва бош вазир Шукрулла Мирсаидов ҳам бўлган. Улар ҳинд тилида интервью олаётганимни кўриб, жуда таъсирланган. Мақтаниш эмас, ҳинд тили мен учун худди она тилидек бўлиб қолган. Ҳиндча шеърлар ҳам ёзардим. Ҳиндчани саккиз ёшимдан бошлаб ўқиганим учун бу тилни анча мукаммал ўзлаштирганман. Ҳиндистон бош вазиридан олган ўша интерьвюм фаолиятимда жиддий ўзгаришга сабаб бўлган. Чунки уч ойдан кейин мени Вазирлар Маҳкамасига ишга чақиришган, яна ярим йилдан кейин эса Президент девонида иш бошлаганман.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Машҳур ҳинд актёри ва режиссёри Раж Капур мухлислари билан. 1982 йил. Тошкент
Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Шукрулла Раҳматович ярим ставка телевидениеда ишлашимга ҳам рухсат берган. «Сизда одамларни жалб қилиш қобилияти бор, овозингизга бевосита одамлар маҳлиё бўлиб эшитади. Давлат сиёсати ҳақида ҳам кўпроқ маълумот олиш мумкин, овозингиздан фойдаланамиз», дегани учун президент девонида ишлашга рози бўлганман.

— Ислом Каримов билан ҳеч суҳбатлашганмисиз ёки бундай имконият бўлмаганми?

— Вазирлар Маҳкамасида ахборот хизматининг сектор мудири бўлганман. Президент девонига ишга ўтганимдан кейин матбуот хизмати консультанти бўлиб ишлаганман. Ислом Каримовдан бевосита интервью олмаганман. Лекин президент девонида бўладиган мажлисларда у одам менга кўп эътибор бериб, кераксиз диққатни қаратганлари сабабли турли гап-сўзлар тарқалган, деб ўйлайман.

Мажлисларда одамларнинг орқасига беркиниб ўтирар эдимки, шу президент мени пайқамаса, менга ортиқча эътибор қаратмаса, дердим. Ўшанда ҳам барибир сўзларининг ичида «Лолахон, шу ердамисиз? Мен тўғри айтяпманми? Менинг гапларим маъқулми? Лола Муҳаммаджоновна, сизнинг фикрингиз қандай?», дея айтган турли саволлари озгина ғашимга тегарди. Чунки қанақадир бир ички ҳиссиёт бўлганки, бунақа саволлар яхшилик билан тугамаслигини сезганман ва охири шунақа ҳам бўлди.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Ўнгдан чапга: Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Лола Ҳотамова, тележурналист Екатерина ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов. Олий Мажлис сессияси, 1990 йил
Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

Билишимча, Каримов кўрсатувларимни диққат билан кўрган. Ўзбек тилига анча уста эдим. Президент у вақтда ўзбекчада яхши гапира олмасди. Ҳатто ўз ёрдамимни ҳам таклиф қилганман. «Истасангиз, ўзбек тилидан сизга дарслар ҳам бераман», деганман. Лекин мендан дарс олишга, менимча, номуслари чидамаган. Ўшанда асосан, ҳаммаёқда рус тилида гапирарди. Мажлисларда ҳам, бошқа жойларда ҳам. Телевидениега интервьюларга келмаганининг ҳам сабаби ўзбек тилида эркин гапира олмаслиги туфайли бўлган, деб ўйлайман.

У даврда Президент девонида ўзбек тилини яхши биладиган мутахассислар кўп эмасди. СССР ҳали парчаланишга улгурмаган пайтлар эди. Рус тилига эътибор жуда кучли бўлган. Ўзбек тилини ўз она тилисидек гапирадиган мутахассислар кам эди.

— Сизнингча, ўша гап-сўзлар Каримов атрофидаги шахслар томонидан атай тарқатилганми ёки бу президентнинг топшириғи асосида бўлганми?

— Балки шундайдир, буни аниқ билмайман. Бироқ президентнинг ҳам елкасида боши бор, тўғрими? Калласи бор, бир фикрга келиши керак эди. Давлатдаги адолат учун мамлакатнинг биринчи раҳбари жавобгар бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳеч қанақа гуноҳи бўлмаган, битта айби мамлакатда ҳаддан ташқари машҳур бўлган бир аёлни арзимаган гап-сўзлар туфайли ишидан бўшатиб, телевизорга чиқармай қўйиш, менимча, адолатсизликнинг энг учига чиққан кўриниши.

— Бу гап-сўзлар «Каримов билан оила қурибди», деган мазмунда бўлган, деган гапларни эшитгандим, шундайми?

— «Оила қурибди», «иккинчи хотин бўлди», деган туҳматлар эди. Билмайман, нима мақсадда тарқатишган. Бу гаплар зудлик билан барча вилоятларга тарқалганига қараганда, атайлаб уюштиришган, деб ўйлайман. Лекин буни ким қилганини аниқ айта олмайман.

Аммо президент ҳақиқат қилиши керак эди. Мен ўшанда Шукрулла Мирсаидовга: «Шукур ака, „қайтган мол эгасига тан“, деган гап бор. Мен яна ўзимнинг журналистикамни қилавераман, телевидениега бориб, ўзимнинг ишимни қиламан», десам, «Йўқ, сизнинг телевиденияга чиқишингизни президент хоҳламаяпти», деган.

Ўшанда ҳайрон қолганман ва: «Бир ойдан бери мана шу бўлмағур гап-сўзларга мен аёл бошим билан эркакларча мардонавор дош беряпман. Лекин сизлар, иккита эркак — сиз ҳам, президент ҳам — ўзингизни хотинлардек тутяпсизлар, бу эркакларга хос нарса эмас. Агар президент мард бўлса, айбим нима, нима сабабдан мени ишдан бўшатаётганларини кўзимга қараб, ўзимга айтсинлар», деб анча қаттиқ гапирганман. Лекин Каримов шу ишни қилмаган. Бу воқеалар 1990 йилнинг иккинчи ярми, 1991 йилнинг биринчи ярмида бўлган.

— Ислом Каримов қандай раҳбар сифатида хотирангизда қолган?

— Очиғи, раҳбар сифатида унинг ортиқча бир яхши ишларини кўрмадим. Фақат мажлисларда одамларнинг энсасини қотирадиган даражада кўп гапирарди. Масжлисларда тўрт соатлаб ўтириларди, ўртада танаффус ҳам берилмасди. Кимдир ҳожатга чиқиши мумкин, битта стулда орқангизни ботириб ўтириш ҳам осон эмас.

Шунақа оддий ҳақиқатларни тушунмаганлари… Россия ҳақида кўп гапирарди. Руслардан хафа бўлган жойи бордирки, ўша ҳисоб-китобларини қиляптими, деб ўйлардим.

Шунингдек, менга ёқмаган яна бир томони, ўша вақтда унинг ўзи ҳам президент, ҳам бош вазир, ҳам бош қўмондон бўлди. Бор ҳокимиятни битта одамнинг қўлида жамланиши нотўғри, деб ўйлайман. Кўнглим сезган эдики, бу одам тўрт йил, саккиз йил учун келмаган, курсини бўшатишига кўзим етмаган. Ўша ўйлаганим тўғри бўлиб чиқди: 25−26 йил тахтни эгаллаб ўтирди. Уни тахтдан фақат ўлим айирди. Ўша давр ичида Ўзбекистонда демократик жараёнлар йўқ бўлди.

1991 йили президент девони ва телевидениедан бир пайтда кетказилганимдан кейин Ўзбекистонда тўққиз йил юрдим, бошқа жойларда ҳам ишладим. Аммо барибир кўнглимдагидек ишлар бўлмади. Жамиятдаги ўзгаришларни ҳам яхши томонга бўлмаётганини ҳис қилдим. Айниқса, президентнинг саккиз йилдан кейин ҳам бу лавозимдан кетмасликка қарор қилгани мени бошқа давлатга кетишга мажбур қилди.

— Ўша пайтда телевидениедан кетганингизга афсусланганмисиз?

— Албатта. Чунки телевидениега ўрганиб қолганман. Бундан ташқари, халқ орасида менинг кўрсатувларим жуда машҳур эди, рейтингим баланд эди. «Ахборот»да шарҳ берадиган куним режиссёрлар «Бугун байрам экан, Лолахон чиқаркан», деб кулишарди. Фаолиятим якунлангач, ўзимдан ҳам кўпроқ мухлисларимга, томошабинларга ачинганман.

Мана, орадан 34 йил ўтибдики, ҳали ҳам одамлар эсдан чиқармаган. Кеча Тошкентдаги бир тўйга борсам, «Лолахон, сизни ҳали ҳам яхши ном билан эслаймиз, сиз билан расмга тушсак майлими?», дея аёллар келишди. Бундан албатта, ич ичимдан хурсанд бўлиб кетдим. Демак, телевидениеда из қолдириб ишлаган эканман, ҳанузгача мухлисларим унутмабди.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти проректори Шавкат Мирзиёев ҳамда Мирзо Улуғбек тумани фаоллари билан. 1987 йил
Фото: Лола Ҳотамованинг шахсий архивидан

— Телевидение ҳумори тутадими, у оламни соғинасизми?

— Албатта, ҳатто тушларимга ҳам киради. Онам раҳматли ҳам: «Ноёб овозинг бор, қизим», дерди. Мен овозим орқали жуда кўп таҳсин эшитганман. Ҳатто Америкада инглиз кампирга қараганимда, унга инглизча китоблар ўқиб берардим. У ҳам: «Овозинг жудаям ёқимли», деб айтарди. Яқинда Нью-Йоркдаги иммиграция судьяси: «Ўзбекча гапирганингизда бирорта сўзингизга тушунмайман, лекин худди бир мусиқа эшитгандек роҳатланаман. Жудаям овозингиз ёқимли», деб қолди. Овозимни охиригача ишлата олмаганим менга армон бўлиб қолди шекилли, дея кўп ўйлайман.

— Шароф Рашидов суҳбатида бўлган ижодкорлар ва сиёсатчиларнинг аксарияти уни илиқ хотиралар билан эслайди. Сизнингча, Шароф Рашидов қандай инсон ва раҳбар эди?

— Жуда ҳам бир нурли, зиёли одам сифатида эслайман. 21 ёшли талаба вақтимда, билмадим, ўша вақтда анча довюрак бўлган эканман, ҳали кўрилмаган ҳинд фильми билан ўша одамнинг ҳузурига, яъни дала-ҳовлисига юборишган. Борсам бутун оила йиғилган экан. Шароф ака айтдиларки: «Қизим, биз ҳозир кечки овқат қилмоқчимиз, сизни ҳам таклиф қиламан». Мен: «Йўқ, раҳмат, қорним тўқ, кутиб тураман», дедим. «Ҳеч хавотир қилманг, кино тугагандан кейин ҳайдовчи уйингизгача машинада олиб бориб қўяди», деб жуда чиройли, илиқ гаплашган.

Ўшандан сўнг уларнинг уйига яна икки марта бориб, ҳиндча киноларни рус тилига таржима қилганман. Айниқса, уларнинг рафиқалари Хурсаной опа ҳинд фильмларини жуда яхши кўраркан. Ҳали кинотеатрда кўрсатилмаган ноёб фильмларни биринчи уларникига олиб боришарди. Мен учун ҳам янги фильм бўлгани учун, албатта, ҳаяжонланганман ва бироз қўрққанман. Чунки билмай қоладиган жойларим бўлса-чи ва қийналсам-чи, деган фикрлар ўтарди хаёлимдан. Таржимонлик фаолиятимни бирданига шундай даражадан бошлаганман. Шароф Рашидов ҳақида менда яхши таассурот қолган. Унда ҳақиқий раҳбарга хос фазилатлар бор эди.

— Фарзандларингиз қайси соҳаларда фаолият юритади?

— Икки қизим ва 8 ёшли Ширин исмли набирам бор. Тўнғичим Тошкент давлат университетининг роман-герман факультетини битирган. Ҳозир Американинг машҳур J.P. Morgan Chase банкида менежер бўлиб ишлайди, Нью-Йоркда яшайди. Кичкина қизим компьютер соҳаси бўйича мутахассис. У жуда камгап.

— Суҳбатимиз якунида Америкага ноқонуний йўллар ва катта орзулар билан бориш ниятидаги фуқароларга нималар деган бўлардингиз?

— АҚШга ноқонуний боришни албатта, ёқламайман. Чунки улар бошдан кечирадиган қийинчиликларни кўриб, жуда раҳмим келади. 15−20 минг доллар сарф қилиб, депортация бўлаётган одамларни кўраман. Эсиз, шуларнинг ҳаёти, деб ачинаман.

Тўғри, ҳар кимнинг яхши яшашга ҳақи бор, одам яхшироқ ҳаёт кечириш мумкин бўлган жойга интилади. Америкага тайёргарлик кўриб келиш керак. Агар ноқонуний келадиган бўлса, юқорида айтилган ҳамма қийинчиликларга тайёр бўлиши лозим. Суд жараёнларида судьялар ва прокурорларнинг саволларига жавоб беришга тайёр бўлиш зарур.

ислом каримов, лола ҳотамова, мексика, ноқонуний миграция, шароф рашидов

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Dunyouzbeklari.Com»

Иложи борича виза билан келишларини тавсия қиламан. Қонунларга бўйсуниб яшагандан яхшиси йўқ. Элчихонада ўтирадиганлар психолог бўлади, улар одамнинг кўзига қараб нима ниятда кетаётганини билишади. Агар элчихона вакилларига яхшилаб тушунтириб, «Шу мамлакатни кўриш ниятим бор, турист сифатида айланиб келмоқчиман, шунча сўм пулим бор. Мени ўз мамлакатим билан боғлаб турадиган кучли омиллар — уй-жойим, катта оилам бор», деб вазиятни тўғри тушунтиришса, виза олиш имкониятлари ҳам бўлади, менимча.

Америкага боришнинг бошқа йўллари ҳам бор, яъни АҚШ фуқароси ёки грин-картаси бор одам билан турмуш қуриш мумкин, қобилиятли одамларга берадиган визалар ҳам бор. Меҳнат шартномаси, талаба визаси орқали бориш ҳам мумкин. Истаган одам, албатта, қонуний йўлларини ҳам топади, деб ўйлайман.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *