• Сб. Ноя 8th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Аҳоли чиқинди машиналарининг келиш вақти ва йўналишини онлайн билиши мумкин бўлади


Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, бу соҳага охирги уч йилда барча манбалардан 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Ўтган йили Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Чиқинди корхоналари учун 1200 та янги техника олиб берилди. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди. Тўплаш ва ташиб кетиш яхшилангани натижасида бу тармоқ иккиламчи хомашё манбаига айланди.

Авваллари, хабарга кўра, давлат монополиясида бўлган соҳада тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилган. Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқиндини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада 200 га яқин санитар-тозалаш ва 290 та чиқиндини қайта ишлаш корхоналари очилди.

Тақдимотда мутасаддилар соҳадаги лойиҳаларнинг бориши ва галдаги режалар ҳақида ахборот берди. Таъкидланишича, мамлакатда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади, лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Сўнгги йиллардаги лойиҳалар натижасида бу энди 5 фоизга етган.

Чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар 6 та вилоятда шундай заводлар қурмоқда. Давлат чиқинди утилизацияси учун уларга тўлов қилиш билан бирга, ҳосил бўлган энергияни сотиб олиш бўйича ҳам мажбурият олмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндисини ёқиб, иссиқлик оладиган иккита корхона ишга туширилди. Яна Самарқандда 2 та, қолган ҳудудларда биттадан шундай заводлар қурилиши мўлжалланган.

чиқинди, чиқиндини қайта ишлаш

Қайд этилишича, маиший чиқиндиларнинг тўртдан бири қоғоз, пластик, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқларига тўғри келади. Уларни қайта ишлаб, 1 триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкин. Бундан ташқари, қайта ишланмайдиган қурилиш, кимё, электрон, техник ва саноат мойлари бўйича катта захира борлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент чиқиндини ташиб кетиш хизматлари аҳолини рози қиладиган даражада бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу боис маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Аҳолида экологик маданиятни боғча ва мактабдан бошлаб шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

чиқинди, чиқиндини қайта ишлаш

Аввалроқ Швейцариянинг Swiss Grow компанияси «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан биргаликда Ўзбекистонда чарм чиқиндиларини қайта ишлаш ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича 2 млн долларлик лойиҳани амалга оширишни режалаштираётгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда чиқинди ташувчи автомашиналар ҳаракати, чиқинди ҳажми ва тозалаш сифатини кузатиш имконини берувчи «Тоза пойтахт» тизими ишга туширилмоқда. 1 сентябргача лойиҳани шаҳарнинг барча туманларида кенгайтириш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *