19−20 август кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Баҳрайнга илк расмий ташрифини амалга оширди, деб хабар берди Gazeta’га ТИВ. Музокаралар якунида дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режим тўғрисидаги битим имзоланди.
Бахтиёр Саидов мамлакат пойтахти Манама шаҳрида бош вазир ўринбосари Шайх Холид бин Абдулла Ал Халифа, Баҳрайн ташқи ишлар, молия, миллий иқтисодиёт, саноат ва савдо вазирлари билан учрашди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш — сиёсий мулоқотни кенгайтиришдан тортиб, савдо, сармоя ва институционал тажриба алмашишгача бўлган масалалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва глобал ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
«Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги кўприкларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади ТИВ хабарида.
Бахтиёр Саидов Bahrain Mumtalakat Holding, Lamar Holding ва Aluminium Bahrain (Alba) компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар олиб борди. Муҳокама чоғида яшил энергияни ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва қўшма корхоналар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Bahrain Mumtalakat Holding Company — тахминан 18 миллиард долларлик активларни бошқарадиган Баҳрайннинг суверен бойлик жамғармаси. У молия, кўчмас мулк, саноат, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 60 дан ортиқ компанияга сармоя киритади.
Lamar Holding — давлат-хусусий шериклик форматидаги йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳаларига ихтисослашган Баҳрайн компанияси. Форс кўрфази мамлакатларида фаолият юритиб, энергетика, сув таъминоти, нефть ва газ соҳаларида лойиҳаларни амалга оширади.
Aluminium Bahrain (Alba) — дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқарувчилардан бири, йилига 1,6 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради. У 150 дан ортиқ мамлакатларга металлнинг 80% гача экспорт қилади.
ТИВ Баҳрайн ривожланган банк тизими, исломий молия соҳасида тажриба ва юқори даражадаги бизнес инфратузилмаси билан Яқин Шарқнинг молиявий ва сармоявий марказларидан бири сифатида Ўзбекистон учун қизиқиш уйғотаётганини қайд этди. Бундан ташқари, қиролликда туризм ва логистика фаол ривожланмоқда, бу эса қўшма лойиҳалар учун имкониятлар очмоқда.
Ўзбекистон табиий ва инсоний ресурслари, Марказий Осиёдаги стратегик жойлашуви ва ўсиб бораётган ички бозори билан Баҳрайн учун жозибадор. Баҳрайн учун қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик саноати ва туризм соҳалари, шунингдек, Ўзбекистон орқали минтақавий бозорларга чиқиш имкониятлари алоҳида қизиқиш уйғотади, деб ҳисоблайди ТИВ.