Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси сентябрь ойида Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларига парвозларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия авиаташувчисининг сайтида хабар берилди.
13 сентябрдан авиаташувчи Москва — Самарқанд йўналиши бўйича парвозлар сонини ҳафтасига учтадан бештагача оширади. Москвадан парвозлар сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади, қайтиш рейслари эса чоршанба ва якшанба кунлари.
14 сентябрдан Россия авиакомпанияси Москвадан Бухорога мунтазам рейсларни қайта тиклайди. Парвозлар ҳафтасига тўрт марта — чоршанба, жума, шанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
15 сентябрдан эса «Аэрофлот» Москва ва Урганч ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни яна амалга оширишни бошлайди. Рейслар ҳафтасига уч марта — душанба, пайшанба ва шанба кунлари бажарилади.
Шунингдек, 16 сентябрдан Санкт Петербургдан Самарқандга янги тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилади — ҳафтасига икки марта (чоршанба ва жума кунлари). 17 сентябрдан эса Тошкентга янги рейслар бошланади, улар ҳам ҳафтасига икки марта (пайшанба ва шанба кунлари) амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, «Аэрофлот» авиакомпанияси 1 августдан Самарқандга парвозларни тиклаган эди.
«Аэрофлот» 2022 йил 8 мартдан Беларусдан ташқари хорижий давлатларга барча рейсларни тўхтатган эди. Бунга ҳаво транспорти федерал агентлигининг тавсиялари сабаб бўлганди, у самолётлари хорижий реестрда бўлган Россия авиакомпанияларига 6 мартдан хорижга, бошқа давлатлардан эса Россия Федерациясига 8 мартдан парвозларни тўхтатишни тавсия қилганди.
Шундан кейин кўп ўтмай, бир қатор мамлакатларга парвозлар қайта йўлга қўйилгани маълум қилинди. Хусусан, 2022 йил 20 майдан бошлаб «Аэрофлот» Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни тиклади. 2022 йил охирида эса Санкт Петербург — Тошкент ва Санкт Петербург — Самарқанд йўналишлари бўйича мунтазам парвозларни амалга ошира бошлади.
Аввалроқ 21−22 июль кунлари Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия авиация ҳукуматлари авиақатновлар сонини ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича келишувга эришгани хабар берилган эди. Мазкур келишув доирасида ҳар икки мамлакат авиакомпаниялари барча парвоз шаҳарларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳафтасига 1000 дан ортиқ қатновни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Айни вақтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига жами 310 дан ортиқ мунтазам авиақатнов бажарилмоқда.
