Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отаходжаев пора олишда гумонланиб, ушланди, дея хабар қилди ДХХ.

Қайд этилишича, Отаходжаев ва пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилишган.

Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган — ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда Наманган шаҳри ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан (Жуда кўп миқдорда пора олиш), МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора беришга уриниш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Шаҳар ҳокимига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Таъкидланишича, тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Анваржон Отаходжаев 2023 йил декабр ойида Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланганди. У 1972 йилда Наманганда туғилган. Маълумоти олий, 1994 ва 2002 йилларда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.