«Ўзбекнефтгаз» АЖ 2 сентябрдан бошлаб Аи-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
«„Ўзбекнефтгаз“ АЖ томонидан босқичма-босқич юқори октанли (Аи-92) автобензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва сентябрь ойидан бошлаб биржа савдоларига фақат юқори октанли автобензин жойлаштирилиши режалаштирилган эди. Шу боис 2 сентябрдан Аи-80 бензинини биржа савдолари орқали сотиш тўхтатилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўз навбатида, Аи-92 маркали бензиннинг биржа савдоларига чиқариш ҳажмлари 1000 тоннадан 1720 тоннагача оширилгани маълум қилинган. Ички бозорда мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда мазкур ҳажм оширилиши мумкин.
Хабарда қўшимча қилинишича, август ойида тадбиркор истеъмолчилар томонидан харид қилинган Аи-80 бензини ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилади.
Қайд этиш жоизки, биржада ўртача 2000−2300 тонна Аи-80 маркали бензин сотилган бўлса, Аи-92 сотиш ҳажми 600−800 тонна атрофида бўлган. 29 август куни, сотувлар тўхтатилиши эълон қилинишидан олдин, 8340 тонна Аи-80 реализация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён биржада Аи-80 бензини нархи 12,2 фоизга — бир тоннаси учун 9,3 миллион сўмдан 10,4 миллион сўмгача ошди. Carvon (собиқ UNG Petro) ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида чакана нарх 9100 сўмгача кўтарилди.
Корхона сентябрь ойидан Аи-80 маркали бензин ишлаб чиқаришни тўхтатиш режаси ҳақида июль ойидаёқ маълум қилган эди.
Gazeta ўтган йилнинг май ойида Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation) компанияси билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш режалари ҳақида ёзган эди. 2024 йил январь ойида «Ўзбекнефтгаз» Хитой томони билан йилига 1 миллион тоннагача юқори октанли бензин ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани биргаликда амалга ошириш тўғрисида келишув имзолади. Бунда ишлаб чиқариш ҳажмининг 60 фоизи Аи-92 га, 40 фоизи эса Аи-95 га тўғри келади.
Kun.uz ҳужжатга асосланиб хабар беришича, «Ўзбекнефтгаз» таркибига кирувчи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қўшимчалардан фойдаланган ҳолда Аи-92 бензинини ишлаб чиқариш бўйича синовлар ўтказилган, мос таркиблар аниқланган, тажриба партияси ишлаб чиқарилган, шунингдек, компонентларни сақлаш ва аралаштириш учун зарур инфратузилма яратилган.
Масала тарихи
Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида камида 2020 йилдан бери айтилмоқда, бироқ расмийлар бу вазифани бажаришни доимо кечиктирган.
2024 йил бошида Энергетика вазирлиги Gazeta’га Аи-92 ва ундан юқори маркали бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2026 йилгача Аи-80 бензинидан воз кечиш режалари ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғи ставкаларини пасайтириш таклиф қилинди.
Кейинроқ президент бош вазирга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 («Евро-2» стандарти) дан узил-кесил воз кечиш масаласини ҳал қилишни топширди.
Бироқ президентнинг сентябрдаги қарорида 2028 йилдан бошлаб «Евро-4» стандартидан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни босқичма-босқич чеклаш тўғрисида сўз борганди. Хусусан, бунинг учун Аи-80 ишлаб чиқарувчи Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари чуқур модернизация қилинади ҳамда «Евро-2» ва «Евро-3» стандартларидаги ёқилғини импорт қилиш тақиқланади.
«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати Gazeta’га модернизация учун вақт керак бўлишини таъкидлади. «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида „Евро-4“ ва ундан юқори бензинга ўтиш учун вақт керак. [2024 йил] охиригача лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади, шундан сўнг у Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун 30−32 ой керак бўлади», — дейилади компания хабарида.
Президентнинг «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш йили (2025 йил) давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармони билан 2025 йил охиригача Аи-80 бензинидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун «барча куч ва ресурсларни сафарбар қилиш» топширилди.
