Рақобат қўмитаси интернет ва ижтимоий тармоқларда машҳур компаниялар номидан янги фирибгарлик схемалари пайдо бўлганидан огоҳлантиради, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Хусусан, тармоқларда Korzinka супермаркетлар тармоғи эгаси Anglesey Food фаолият бошлаганига 29 йил тўлгани муносабати билан мижозларга совғалар тайёрлагани, унга кўра Cubes музлатгичларини 27 минг сўм эвазига харид қилиш мумкинлиги ҳақида реклама ахборотлари жойлаштирилган.

Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi Oʻzbekiston Ltd рекламасида ҳам брендланган мини музлатгич ва 24 дона ичимликни атиги 30 минг сўмга харид қилиш мумкинлиги ҳақида эълон берилган.

Акция шартларида эса совғаларни қўлга киритиш учун иштирокчилардан махсус ҳаволадан ёки қисқа сўровномадан ўтиш сўралган.

Рақобат қўмитаси компанияларнинг расмий веб-сайтларини ўрганиб, мазкур акциялар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмагани ҳамда бу каби акциялар ўтказилмаётганини аниқлади.

«Таҳлилларга кўра, ушбу акциялар иштирокчилари учун тақдим этилган «совғалар»ни олиш тартиби машҳур брендлар номидан амалга ошириладиган фишинг схемасига тўлиқ мос келади», — қайд этди ташкилот.

Қўмита фуқароларга фирибгарлик схемаларига алданиб қолмаслик учун номаълум ҳаволаларга кирмаслик ва шахсий маълумотларни нотаниш шахсларга бермаслик, бундан ташқари, ўтказилаётган акция ҳақидаги ахборотларнинг ҳақиқатга мослигини расмий манбалардан текшириб олишни тавсия қилди.