АҚШ президенти Дональд Трамп жума куни Мудофаа вазирлиги (Department of Defense) номини Уруш вазирлиги (Department of War) деб ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзоламоқчи, деб ёзмоқда Washington Post.
«Уруш вазирлиги» номининг қайтарилиши ушбу идоранинг эътиборини бизнинг миллий манфаатларимизга қаратади ва душманларга Америка ўз манфаатларини таъминлаш учун уруш олиб боришга тайёр экани ҳақида сигнал беради», — дея бўлажак фармонни тавсифловчи ҳужжатдан иқтибос келтирди нашр.
Пентагон деб ҳам аталадиган вазирлик номини ўзгартириш режалари ҳақида Трамп август ойи охирида журналистларга гапирганди. «Биз Биринчи жаҳон урушида ҳам, Иккинчи жаҳон урушида ҳам ғалаба қозондик. У пайтларда бу идора Уруш вазирлиги деб аталарди ва, фикримча, аслида шундай бўлиши керак», — деганди Америка президенти.
WP таъкидлаганидек, президент 1789 йилда Конгресс томонидан ташкил этилган вазирлик номини бир томонлама ўзгартира оладими ёки йўқми, аниқ эмас. Шунингдек, номни тўлиқ ўзгартириш режалаштирилганми ёки Трамп маъмурияти Мудофаа вазирлигининг тарихий рамзларининг катта қисмини ўзгаришсиз қолдирмоқчими, бу ҳам номаълум.
Ҳужжатга кўра, Оқ уй, эҳтимол, Конгресс қарорини четлаб ўтишга ҳаракат қилиб, Уруш вазирлиги «Мудофаа вазирлигининг иккинчи номи сифатида» ишлатилишини билдиради, деб ёзмоқда WP. Бу Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет ва идоранинг ўзига расмий ёзишмалар, оммавий билдиришлар ва тантанали тадбирларда «Уруш вазирлиги» номидан фойдаланиш имконини беради.
Пентагон номини «Уруш вазирлиги» деб ўзгартириш ҳам катта харажатларни талаб қилади, чунки идоранинг расмий рамзлари бутун дунё бўйлаб юзлаб объект ва ҳукумат биноларида мавжуд, дея таъкидлайди WP.
АҚШ Уруш вазирлиги биринчи марта 1789 йилда пайдо бўлган. Бу ном Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, 1947 йилда ишлатилмай қўйилганди ва икки йил ўтгач, идора Мудофаа вазирлиги деб атала бошлаган.