Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳарф ва рақам комбинацияларига эга бўлган ноёб давлат рақамларини харид қилиш имконияти яратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги қарорига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонасига бундай рақамларни очиқ электрон аукцион орқали тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Уникал рақамлар олтитагача ҳарфлар ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлиши мумкин. Бунда улар амалдаги давлат рақамларини такрорламаслиги ва қонунчиликка ёки ахлоқ нормаларига зид маъноларни ўз ичига олмаслиги керак.
«Масалан, энди кўчаларда „SARVAR“, „AZIZA“, „ODIL“ ёки „BUXORO“ каби рақамли автомобилларни кўриш мумкин бўлади», — дея қайд этади ЎзА.
2019 йилда Mening Fikrim мурожаатлар порталида Ўзбекистонда исмли рақам белгиларини жорий этиш масаласи кўтарилган эди. Петиция муаллифининг таъкидлашича, бундай амалиёт кўплаб мамлакатларда мавжуд ва давлат бюджетига қўшимча даромад манбаи бўлиши мумкин.
Бугунги кунда avtoraqam.uzex.uz аукционида фақат давлат рақам белгиларининг стандарт форматига мос келадиган «чиройли» рақамлар сотилади. Петиция 900 дан ортиқ овоз тўплаган. Қоидага кўра, таклиф 10 мингта имзога етганда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилади.
Қирғизистонда 2012 йилда исмли авторақамларга рухсат берилган.
