Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 6 сентябрь куни 265 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди, деб хабар бермоқда Ўзбекитстон ТИВ матбуот хизмати.

Ёрдамни топшириш Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида амалга оширилди. Дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат юк «Termez Cargo Centre» ҳудудида шакллантирилиб, 14 та юк автомобили орқали етказилди.

Юборилган ёрдам таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган, деб аниқлик киритди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Афғонистон вакиллари ўзбекистонликларнинг ёрдамини оддий дори-дармон ва озиқ-овқат эмас, балки бирдамлик ва инсонийлик рамзи сифатида қабул қилишларини таъкидлаб ўтди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон томонидан маросимда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ва Сурхондарё вилояти ҳокими иштирок этди.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистонда содир бўлган ҳалокатли зилзила муносабати билан ҳамдардлик билдирганди. У Ўзбекистон табиий офат оқибатларини бартараф этишда «ҳар томонлама ёрдам беришга» тайёрлигини айтган.

  • 31 август куни маҳаллий вақт билан ярим тунда Афғонистон шарқидаги Нангарҳор провинциясининг Жалолобод шаҳридан 27 км шимоли-шарқда 6 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг ўчоғи тахминан 8 км чуқурликда жойлашган. Энг кўп зарар кўрган Кунар провинцияси бўлиб, у ерда қишлоқлар вайрон бўлган. Шунингдек, яна учта провинцияда вайронагарчиликлар қайд этилган: Лағмон, Нуристон ва Панжшер.
  • Ҳодиса оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 2205 киши ҳалок бўлган, 3600 дан ортиқ киши яраланган. Ер силкиниши 84 мингга яқин кишининг ҳаётига таъсир кўрсатди, минглаб одамлар кўчирилди.