Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги туз ғорида 15 млн долларлик Kapa Yurt Salt Town туризм комплекси фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Хўжаикон туз ғорида янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор компаниялардан таклифлар келиб тушмоқда. Хусусан, 27 август куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Эроннинг Kapa Yurt Soon компанияси директори Абдул Карим Садеқи бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқотда инвестор эко ва тиббий туризм соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимотини ўтказди. Шунингдек, уларнинг техник-иқтисодий асослари ҳамда истиқболдаги натижалари ҳақида маълумот берди.
Ҳокимлик хабарига кўра, туз ғори ва унинг атрофида 2025−2035-йилларда 3 босқичда умумий қиймати 12 млн евролик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида тузни қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиясини ташкил этилади, шунингдек, тузли ҳовузлар, ванналар, соғломлаштириш марказлари ва 500 ўринли 100 модулли меҳмонхона қурилади.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ижтимоий инфратузилма объектлари, амфитеатр, ҳунармандлар марказлари ва туз музейи барпо этиш кўзда тутилган. Режага «Тоҳир ота» зиёратгоҳини реставрация қилиш ҳам киритилган.
Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларга 200 мингга яқин дарахт экиш, 1 гектар майдонда сунъий тузли кўл барпо этиш режалаштирилган. Туристик зонага электр, газ, интернет, мобил алоқа ва темирйўл инфратузилмасига уланишни таъминлайдиган йўллар ва коммунал тармоқлар олиб борилади.
Таъкидланишича, шу ерда нафас йўллари, аллергия, бронхит, тери ва асаб тизими касалликларига шу ерда ташхис қўйилади ва даволаниш йўлга қўйилади.


«Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 250 та янги иш ўрни яратилиб, ҳар йили 200 минг хорижий ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилади. Шунингдек, тузнинг саноат экспортини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Учрашувда томонлар мутахассислар иштирокида лойиҳани чуқур ишлаб чиқиш, жой танлаш ва йўналишларини аниқлаш, шунингдек, амалга ошириш босқичлари юзасидан кенг қамровли музокаралар олиб боришга келишиб олди.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган Жанубий Сурхон сув омбори ҳудудида умумий майдони 15,7 гектар бўлган, қиймати 140 млрд сўмлик экотуризм комплекси қурилиши хабар қилинганди. Вилоят ҳокими таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштирилган лойиҳа тақдимоти билан танишган.




