• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонликлар тўлиқ Ой тутилишига гувоҳ бўлади


7 сентябрь куни Ер юзи аҳолиси, жумладан, ўзбекистонликлар тўлиқ Ой тутилишини кузатишлари мумкин, дея хабар бермоқда Фанлар академиясининг Астрономия институти.

Тўлиқ Ой тутилиши деб, Қуёш-Ер-Ой бир чизиққа жойлашиб, Ой юзасининг тўлиқ Ер соясига киришига айтилади. У Қуёш тутилишидан фарқли ҳолда, узоқ вақт давом этади.

Ҳодисанинг тўлиқ фазасида Ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади. Жараён 1 соат 22 дақиқа, тутилиш эса 3 соатдан ортиқроқ вақт давом этади.

Ўзбекистонда қисман Ой тутилиши барча ҳудудларда 7 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:27 да, тўлиқ Ой тутилиши эса соат 22:30 да бошланади. Тўлиқ фазали Ой тутилиши максимум фазасига соат 23:11 да етади, соат 23:52 да эса тугайди. 8 сентябрь соат 00:56 да астрономик ҳодиса якунига етади.

Тошкент шаҳрида Ой тутилишининг асосий вақтлари. Манба: Астрономия институти.

Ой тутилиши умумий 5 соат 26 дақиқа давом этади. У бошланганда Тошкент шаҳрида Ойнинг уфқдан (горизонтдан) баландлиги 27 градусни ташкил этади, тутилишнинг максимал фазасида 39 градусни, тутилиш тамомланиш арафасида 41 градусни ташкил этади.

Тутилиш давомида Ойнинг уфқдан баландлиги Ўзбекистаннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразим вилоятида тутилиш бошланганда 21 градус, тутилишнинг максимал фазасида 30 градус ва тутилиш тугаши арафасида эса 38 градусни ташкил этади.

Ойнинг уфқдан баландлиги маълумотлари. Жадвал: Астрономия институти.Ойнинг уфқдан баландлиги маълумотлари. Жадвал: Астрономия институти.

Ой тутилишини кўриш учун нима қилиш керак?

Ой тутилишини кузатиш учун махсус жиҳозлар талаб қилинмайди ва оддий (қуролланмаган) кўз билан кузатиш мумкин, дейди ФА Астрономия институти ходими Рахим Матеков.

«Жараённи кузатиш Қуёш тутилишидан фарқли ўлароқ, Ойнинг тўлиқ тутилишини кузатиш учун ҳеч қандай махсус жиҳозларни талаб қилмайди. Ой тутилиши қуролланмаган кўз билан кўриш хавфсиз», — дея тушунтирди мутахассис.

Уни яна қаерликлар кўролади?

Астрономик ҳодисанинг тўлиқ фазасини Европа, Осиё, Африка, Австралия қитъаларининг маълум бир қисмида кузатиш мумкин. Жумладан, Евроосиё материгида Қозоқистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Арманистон, Эрон, БАА, Омон, Яман, Сомали, Мадагаскар, Покистон, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Хитой, Мўғилистон, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Бангладеш, Мянма, Таиланд, Ветнам, Лаос, Малайзия давлатлар ҳудудида яшовчи барча аҳоли тўлиқ Ой тутилишини кузатиш имкониятига эга бўлади.

Ой тутилишининг тўлиқ ва қисман фазалари тўқ пушти ва оч пушти рангларда дунёнинг сиёсий-географик харитасида тасвирланган. Манба: Астрономия институти.Ой тутилишининг тўлиқ ва қисман фазалари тўқ пушти ва оч пушти рангларда дунёнинг сиёсий-географик харитасида тасвирланган. Манба: Астрономия институти.

Шунингдек, Россиянинг марказий ҳудудлари, Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Саудия Арабистони, Африка қитъасининг шарқидаги бир неча давлатлар ва Япония, Автралиянинг ғарбий вилоятлари, Индонезиянинг ғарбий оролларидаги аҳолида ҳам тўлиқ ой тутилишини кузатиш имкони мавжуд.

Бутун Европа давлатлари, Африка қитъасининг шарқидаги давлатлар, Россиянинг ғарбий ва шарқий вилоятлари, Япониянинг шимоли-шарқий вилоятлари, Филиппин ороллари, Гавайи ороллари, Фиджи ороллари, Австралиянинг шарқий вилоятлари ва янги Зенландия давлати аҳолиси эса географик жойлашувига мос равишда турли даражадаги қисман Ой тутилишини кузатишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 28 июль куни ўзбекистонликлар XXI асрда энг узоқ давом этувчи ноёб Ой тутилиши ҳодисасига гувоҳ бўлганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *