Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Скандинавия шарқида ривожланаётган совуқ антициклон жорий ҳафтада нафақат минтақамиз, балки бутун Европа, хусусан, Россиянинг ғарбий қисми иқлимига бевосита таъсир этади. Марказида атмосфера босими 1035 гПа гача юқори кўтарилувчи ушбу кенг масштабли антициклон ҳафта давомида жуда ҳам секин ҳаракатланиб, Волгабўйи томон йўналади.
Антициклоннинг бу каби табиати Қозоғистон шимоли-шарқи, Кавказ ҳудудлари ва Европадаги нам ҳаво оқимларини блоклайди. Бу каби блокланиш сабаб ушбу ҳудудларда бир неча кун кучли жала ёғинлар ва талофатли сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкин.
Ўзбекистон учун бу вақтда паст босимли иссиқроқ ҳаво оқимлари ҳукмрон бўлиб, бу ҳодисани маҳаллий об-ҳаво оқимларига қиёсласак бўлади. Антициклоннинг жануб чеккаси ҳафтанинг ўрталарида минтақага аста таъсир кўрсата бошлайди. Бунда ҳафта бошидаги иссиқ ҳаво оқими бошқа оқимлар билан ўрин алмашади.
Бу каби ҳолат шимолдан йўналувчи давомли шамоллар ва чанг тўзонлари, чанг бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Антициклон жанубий чеккаси якшанба куни Ўзбекистонга ҳам чуқур таъсир этиб, кейинги ҳафта бошларида мамлакатда ҳаво ҳарорати сезиларли пасайиб кетишига сабаб бўлади.
Манба: Meteoinfo.ru
Жорий ҳафта бошида кундузи +33…+38 даражали иссиқлик, тунлари +15…+20 даражали салқин об-ҳаво муҳити остида ўтади, пайшанба-якшанба кунлари эса кундузи аста-секин ҳароратининг сезиларли пасайиб бориши рўй беради. Кечалари ҳароратнинг пасайишидан кўра, кундуз кунидаги ўзгаришлар катта фарқлар билан рўй беради.
Шунга қарамай, дам олиш кунларига бориб, тунда ҳам Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +10 даражагача пасайиб кетиши мумкин. Ҳафта деярли қуруқ ўтади. Фақат тоғлар ва шимолий ҳудудларда бир-икки бироз ёғин кузатилиши, пайшанба ва жума кунлари эса чўлларда чанг тўзонлари кўтарилиши тахмин қилинмоқда.
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотида ҳафтанинг боши ва жума кунида Ўзбекистонда суткалик ҳаво ҳарорати қиймати кўп йиллик иқлимий меъёрдан қандай чеклангани кўрсатилган. Унда республиканинг катта қисми душанба куни иссиқ ҳаво оқими таъсирига тушиши сариқ ва қизғиш рангларда, жума кунига бориб эса, антициклон сабаб, салқин ҳаво таъсирига туша бошлаши кўк ранглар билан кўрсатилган.


«Ўзгидромет»прогнозига кўра, душанба куни Ўзбекистон бўйлаб фақат Фарғона водийси ва Тошкент вилояти тоғларида ёғингарчилик кутилади. Худудларда максимал ҳаво ҳарорати шимолда +32, бошқа жойларда +35, жанубда +38, тоғларда +23 даражагача ўзгаради. Тунда эса тоғларда ҳаво ҳарорати +12 даражагача, республиканинг бошқа ҳудудларида +15 даражагача пасайиши кўрсатиб ўтилган. Жанубий вилоятларда бу қиймат +17 даражагача етиши мумкин.
«Ўзгидромет» синоптиклари сешанба-жума кунлари учун ишлаб чиққан прогнозида жанубий вилоятлардан ташқари бошқа ҳудудларда сешанба ва чоршанба кунлари кундузи душанба кунига нисбатан 2 даражага, пайшанба ва жума кунлари эса 5 даражагача пасайиб кетувчи об-ҳаво муҳити кузатилиши мумкинлигини маълум қилган.
Жанубда ҳароратнинг пасайиши пайшанба кунига тўғри келади — ҳафта ўрталарида ниҳоят жанубда ҳам ҳафта бошларига нисбатан ҳарорат 3−4 даражага пасаяди.
Пайшанбадан тунги ҳарорат ҳам сезиларли пасаяди. Шимолий ҳудудлар, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда тоғларда тунги ва тонгги ҳарорат +10 даражагача пасайиши кўрсатилган. Бошқа ҳудудларда эса бу кўрсаткич +12 даражага етади. Пайшанба ва жума кунлари кўплаб ҳудудларда кучли ва давомли шамоллар кузатилиб, чанг тўзонлари кўтарилиши таъкидланяпти.
Шанба ва якшанба кунлари ҳам Ўзбекистоннинг катта қисми антициклон жанубий чеккаси таъсирида бўлиши ва дам олиш кунлари салқин ўтиши ойдинлашмоқда. Шимол ва тоғларда бироз ёғингарчиликлар бўлиши мумкин. Бу ҳақида «Ўзгидромет»нинг яқин кунларда янгиланадиган об-ҳаво прогнози ахборотидан аниқроқ маълумот олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (8−14 сентябрь кунлари) давомида ҳафта ҳарорати шимол, Бухоро ва Навоий вилоятларида шу ҳафта учун хос меъёр қийматдан 1−3 даража паст «совуқ», Сурхондарё-Қашқадарё вилоятида меъёрдан 1−3 даража юқори «иссиқ» келиши кутилмоқда.
Ёғингарчилик кесимида ҳафта республиканинг катта қисмида қуруқ ўтади. Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида қисқа муддат кузатилиши кутилаётган ёғингарчиликлар ҳисобига шу даврга хос меъёрдан кўпроқ ёғин тушиши мумкин.
Манба: ECMWF
Манба: ECMWF
Шундай қилиб, ҳафта давомида республиканинг катта қисми бир вақтнинг ўзида совуқ, жануб вилоятлар иссиқ бўлиши ойдинлашмоқда. Ҳафта ўрталарида чанг тўзонлари келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тармоқларига юкламалар ортиши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафта давомида жанубликлар ҳафта бошларидаги кундузги муддатларда +37…+38 даражали иссиқ об-ҳаво муҳитидан таъсирланмасалар, бошқа муддатларда республика аҳолиси ҳароратнинг ўзгаришларидан таъсирланмайди. Аммо, тонгги сезиларли салқинликдан кундузги иссиқлик томон кескин ўзгарувчи об-ҳаво муҳитидан организмни эҳтиёт қилиш керак. Бу каби муҳит организмни шамоллашга мойил қилиши мумкин. Ҳафта бошларида бироз иссиқ паст босимли атмосфера жараёни ёши катталар қон айланиш тизимига бироз таъсир этади.
Жанубликлар ҳафта бошларида кундузи ҳаво ҳароратининг +36,6 даражадан яъни инсон тана ҳароратидан юқори кўтарилган вақтларда иссиқликнинг организмга таъсирини камайтириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига амал қилиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Ҳафтанинг пайшанба-жума кунлари ҳавода атмосфера босимининг ўзгаришлари айни шу омилга мойил кишилар саломатлигига таъсир этиши мумкин. Жараёнлар шамоллар бўлиши билан бўй чўзиб, айни шамоллар бўлишидан олдин жойларда «барик тубсизлик» ҳодисасининг кучсиз кўриниши рўй бериши мумкин. Унинг организмга салбий оқибатларини камайтириш учун олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилган маъқул.
Биоиқлимий шароитлар
Хафтанинг иссиқ кунлари деб айтилаётган душанба-сешанба кунлари жанубликлардан ташқари республиканинг бирор бир нуқтасидаги аҳоли кучли иссиқлик ҳиссиётлари таъсирига тушмайдилар. Ҳафта давомида тонгги ва тунгги этни жунжитувчи салқин об-ҳаво шароити ҳатто бироз қалин кийим кийиб олишга ундайди. Айниқса дам олиш кунлари антициклон совуғи тонгги муддатларда кишилар танаси ҳароратни ташқаридаги реал қийматдан пастроқ ҳис қилинишига олиб келади. Тоғли ва шимол ҳудудларида ҳафта охирларига бориб, тонгда ҳарорат +9 даражагача пасайиб кетиши «совуқ» биоиқлимий шароитни тақдим этади. Бундай шароитда тананинг қўл кафтлари ва юз, бош қисмдан ташқари жойларни қалинроқ мато билан иситиш керак бўлади. Яъни қалинроқ кийим кийиб олиш талаб этилади.
Космик таъсирлар
Қуёш доғларида ўтган дам олиш кунлари бир нечта М синфга яқин кучли чақнашлар бўлиб турди. Аммо геомагнит бўронини прогноз қилувчи хорижий прогноз марказлари келаётгани уч кунлик учун магнит бўронинг сариқ ёки қизил хавф даражасида қўзғалишларини тахмин қилмаган.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида эса ҳафтанинг бошларида Ер магнитосферасида «сариқ» ва «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишлари кузатилиши тахмин қилинган. пайшанба-жума куни ерликлар «яшил» сокин хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишларини ҳис қилишлари мумкин экан.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
2025 йил баҳорининг сўнгги ойи ва бутун бошли ёз жуда қуруқ ва иссиқ ўтди. Энди узоқ давом этган кам ёғингарчилик сабаб, кузнинг биринчи ва иккинчи ойларида ҳавода тез-тез чанг пайдо бўлиши одатий ҳолга айланади.
Хусусан, пойтахт ғарбидаги кучли чўлланиш эффекти ва шаҳар ичидаги қурилишлардан чиқаётган чанг массалари табиий об-ҳаво шароити сабаб тез-тез ҳавони айнан чанг билан ифлосланишини келтириб чиқаради.
Ушбу ҳафтанинг боши ва дам олиш кунлари чўл ҳудудлар ва жанубий вилоятларда куннинг иккинчи ярмида ҳавода чанг миқдори кўпайиши мумкин. Умуман олганда, жорий ҳафта ўрталаридан минтақага фронтолди шимолий шамоллар навбатдаги совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши айрим ҳудудларда чанг тўзон ва ҳатто чанг бўрони ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин.
Бундай муҳитда, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 8−14 сентябрь кунлари оралиғида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдурувчи иқлимий ва космик муҳит дам олиш кунларига тўғри келмоқда.




