• Вт. Июн 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қорақалпоғистонда энергияни аккумуляторда сақлайдиган МОдаги биринчи ШЭС қурилади



Осиё тараққиёт банки ва ACWA Power Company Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги «Нукус-2» лойиҳаси доирасида шамол электр станцияси ва аккумулятор асосида энергияни сақлаш тизимини қуриш учун 51 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз пакетини имзолади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати Gazeta’га маълум қилди.

Лойиҳа ACWA Power компаниясига тўлиқ тегишли бўлган «ACWA Power Beruniy Wind» МЧЖ ХК компанияси томонидан амалга оширилади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги биринчи коммунал миқёсдаги энергияни аккумулятор ёрдамида сақлаш тизимига эга шамол энергетикаси объекти бўлиб ҳисобланади.

Молиялаштириш пакетига ОТБнинг оддий капитал ресурслари ҳисобидан 25,4 миллион АҚШ доллари ва ОТБ бошқарувидаги Етакчи Осиё хусусий инфратузилма фонди ҳисобидан 25,4 миллион АҚШ доллари киради. Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ), Голландия тадбиркорликни ривожлантириш банки (FMO), Standard Chartered Bank ва Саудия EXIM параллел кредиторлар бўлиб ҳисобланади.

Лойиҳа 200 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси ва 100 мегаватт-соат қувватга эга аккумулятор асосида энергияни сақлаш тизими ҳамда тегишли узатиш инфратузилмасини қуриш ва фойдаланишни ўз ичига олади. У йилига 727 980 мегаватт-соат тоза электр энергиясини ишлаб чиқариши, CО2 эмиссиясини йилига 406 170 тоннага камайтириши ва қурилиш ва эксплуатация жараёнида 200 дан ортиқ иш ўринларини яратиши кутилмоқда.

«Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг кам углеродли энергияга келажагига ўтиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб ҳисобланади. Лойиҳа шамол энергиясини аккумулятор асосида энергияни сақлаш тизими билан бирлаштирар экан, электр тармоғининг барқарорлиги ва энергия таъминотининг ишончлилигини оширади ва мамлакатнинг 2030 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқариш тизимида қайта тикланадиган энергия улушининг 54 фоизига етказиш мақсадини қўллаб-қувватлайди», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси lиректори Канокпан Лао-Арая.

Ўзбекистоннинг энергетика секторини қўллаб-қувватлаш доирасида ОТБ Ўзбекистон ҳукумати кўмагида 7,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит кафолатини тақдим этди. Кафолат молиявий хатарларни камайтириш ва рақобатни кучайтириш учун тендер жараёнига киритилди. Таъкидланишича, бу «Нукус-2» лойиҳаси учун паст тариф белгиланишига олиб келади.

«Лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг ОТБ томонидан доимий қўллаб-қувватланишига асосланган бўлиб, 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларининг қувватини 25 гигаваттга ошириш ва ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга камайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистоннинг 2030 йилга стратегиясига мос келади. Шунингдек, у ОТБнинг иқлим барқарорлиги, гендер тенглиги ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича корпоратив устуворликларини қўллаб-қувватлайди», — дейилади банк хабарида.

Ўзбекистон Республикаси ОТБ га 1995 йилда аъзо бўлгандан бери банк мамлакатга жами 14,3 млрд АҚШ доллари миқдорида давлат сектори қарзлари, носуверен қарзлар, грантлар ва техник кўмак тақдим этган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *