Сенат 4 сентябрь куниги ялпи мажлисда транспорт соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Лойиҳа билан бир қатор қонунларга транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда ташишлар самарадорлигини ва сифатини ошириш орқали юк ҳамда йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов таъкидлашича, республика ҳудудида ҳайдовчининг иш вақти давомийлиги 9 соатдан ортиқ ёки йўналиш масофаси 400 км ва ундан ортиқ масофага йўловчи ва юкларни ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилиб бориши белгиланган. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишни амалга ошираётган автобусларда қурилмасини ўчирган холда бошқарганлик учун жавобгарлик мавжуд, бироқ ушбу қурилмадаги маълумотларга асосан ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимига бўйсунмаганлиги юзасидан жавобгарлик белгиланмаган.
Республика ҳудудларида 2024 йилда жами 9364 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, шундан 3045 таси юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автотранспорт воситалари иштирокида содир этилган. Ҳайдовчилар томонидан меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилмаганлиги сабабли йўлларда ухлаб қолиши оқибатида 351 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган ва бунинг оқибатида 189 нафар инсон ҳалок бўлган, 285 нафари эса жароҳатланган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 1131-модда билан тўлдирилиб, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 та ҳодисалар содир этилган. Оқибатда, ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 млрд. сўм моддий зарар етказилган. Шунингдек, мамлакат автомобиль йўлларининг тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Транспорт назорати инспекцияси эса бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларини зарурий воситалар билан жиҳозлаш бўйича фақатгина кўрсатма бериш ваколатига эга. Ушбу кўрсатмани бажармаганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик мавжуд эмас.
Бундан ташқари, қонун билан бир хил тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳар хил миқдорда жарима қўлланилишини олдини олиш, ҳуқуқбузарларни қонун олдида тенглигини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 145, 1461, 1764-моддаларида, яъни йўловчиларни чиптасиз ташиганлик, ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлик учун жариманинг аниқ миқдори белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, Қонун билан «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида«ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида«ги ҳамда «Транспорт тўғрисида«ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.