Сенат 4 сентябрь кунги ялпи мажлисда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган қонунни кўриб чиқиб маъқуллади.
Сенатор Абдусаид Кучимов қайд этишича, «Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги янада жадаллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мамлакат миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича бош битимида аъзо давлатлар савдодаги тарифлар ва чекловларни камайтириш ва халқаро савдода камситувчи муносабатни бартараф этиши лозимлиги белгиланган.
Ушбу қонун билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш, реализация қилиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси фаолиятини лицензиялаш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш, реализация қилиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишга давлат божи миқдорларини белгилаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.
Табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси фаолияти ва электр энергияси бозори фаолияти турлари ўхшаш бўлгани сабабли Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 30 баравари миқдорида давлат божи ставкасини белгиламоқда. Шунингдек, мазкур фаолият турлари стратегик ресурслар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида«ги Қонун билан белгиланган максимал миқдорда, яъни БҲМнинг 300 баравари миқдорида белгиланмоқда.
Таъкидланишича, қонун қабул қилиниши натижасида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича амалга оширилаётган ишларнинг жадаллаштирилиши, белгиланган вазифа ва топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланади. Шунингдек, қонун қора ва рангли металл ломи ва чиқиндилари, табиий газ савдоси соҳасига хусусий секторни жалб қилиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, қора ва рангли металлар парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 1 июль куни кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди.