Қўшма Штатлар барча ноиммиграцион визага ариза берувчилар учун тартибни янгилади. Янги қоидалар 6 сентябрдан кучга кирди, дея хабар бермоқда Давлат департаменти ўз сайтида.
«АҚШ ноиммиграцион визасини (NIV) олиш истагида бўлганлар суҳбатга ўз мамлакати ёки ўзи яшаётган мамлакатдаги АҚШ элчихонаси ёки консуллигида ариза беришлари керак», — дейилади баёнотда.
Илгари ушбу турдаги визага исталган давлатдан мурожаат қилиш мумкин эди.
Агар аризачи мамлакатидан бошқа жойда ариза бераётган бўлса, у ҳолда ариза берилаётган мамлакатда яшашини исботлаши керак бўлади.
Давлат департаменти, шунингдек, виза учун суҳбатни кутиш вақтлари мурожаат қилган жойга қараб фарқ қилиши ҳақида огоҳлантирди. Фуқаролиги ёки яшаш жойидан ташқарида ариза топширадиганлар учун жараён «сезиларли даражада узоқроқ» давом этиши мумкин.
Баёнотда айтилишича, аллақачон режалаштирилган суҳбатлар учун учрашувлар ўз кучини сақлаб қолади.
Янги қоидалар A, G, C-2, C-3, НАТО, дипломатик ёки хизмат визаларига тааллуқли эмас.
«Истиснолар гуманитар ёки тиббий ҳолатларда, шунингдек, ташқи сиёсий сабабларга кўра бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
АҚШ ноиммиграцион визаларининг ўндан ортиқ тоифалари, жумладан, туристик (B-2), бизнес (B-1) ва таълим алмашинуви дастурлари доирасидаги (J) визалари мавжуд.
