• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистон президенти мамлакат парламентини бир палатали қилишни таклиф этди


Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаатида мамлакат парламентини бир палатали қилиш ва бу масалани референдумга қўйишни таклиф этди.

«Ўзим ҳам 10 йил давомида Сенатга раҳбарлик қилишимга тўғри келган ва бу ишни ҳар доим катта шараф ва масъулият деб билганман. Шунинг учун бу минбардан туриб парламент ислоҳоти ҳақида гапириш мен учун осон эмас. Шунга қарамай, яқин келажакда мамлакатимизда бир палатали парламент тузиш таклифини айнан бугун билдирмоқдаман», — деди Қозоғистон раҳбари.

Унинг қайд этишича, бу жуда жиддий масала ва «уни ҳал қилишда шошилиш мутлақо ноўрин». Ислоҳот, Тоқаевнинг фикрича, фуқаролик секторида, экспертлар муҳитида ва амалдаги парламентда муҳокама қилиниши керак.

«Ўйлайманки, муҳокамани ўтказиш учун, ислоҳотнинг ғайриоддий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, камида бир йил керак бўлади, шундан сўнг, 2027 йилда умумхалқ референдумини ўтказиш, кейин эса Конституцияга зарур ўзгартиришлар киритиш мумкин бўларди», — деди Қозоғистон президенти.

Унинг қўшимча қилишича, агар бир палатали парламент тузиш тўғрисида қарор қабул қилинса, уни «фақат партия рўйхатлари бўйича сайлаш керак».

Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда парламент ислоҳоти мавзуси камида йигирма йил давомида «очиқ ва ёпиқ» муҳокама қилинган. «Давлат тизимимиз ривожланиб бораётгани, фуқароларнинг сиёсий маданияти юксалиб бораётганини инобатга олиб, бу ўта муҳим масалани халқ муҳокамасига қўйиш мумкин, деб ҳисоблайман», — деди у.

Қозоғистон парламенти 1995 йилдан буён икки палатали — Сенат (юқори палата) ва Мажилис (қуйи палата)дан иборат.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *