Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 сентябрь ҳолатига кўра 50,09 миллиард долларга етди, деб хабар бермоқда Марказий банк. Бу 2013 йилда статистик маълумотлар юритиш бошланганидан бери рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Август ойи ҳолатига кўра, захиралар 1,34 млрд долларга (+2,7%) ошди. Йил бошидан буён ўсиш 8,9 млрд долларни (+21,6%) ташкил этди.
Ўсишга яна олтин асосий ҳисса қўшди, унинг нархи жаҳон бозорида 3500 доллардан ошди (сентябрда эса 3600 доллар чегарасини кесиб ўтди). Регулятор маълумотларига кўра, олтин нархининг ой давомида 3306,8 доллардан 3407,5 долларгача ўсиши таъсири 1,2 миллиард долларни ташкил этди.
Йил бошидан буён қимматбаҳо металл АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати, кейин эса АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ставкаси пасайиши ҳақидаги тахминлар, шунингдек, Трампнинг ФЗТ мустақиллигига тажовузи фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.
Захирадаги қимматбаҳо металлнинг жисмоний ҳажми 11,8 млн унциягача (367 тонна) ошди. Натижада қимматбаҳо металлнинг қиймати 1,38 млрд долларга ўсиб, 40,06 млрд долларга етди. Бу бутун кузатув даври учун энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Захираларнинг валюта қисми 49,2 млн долларга камайиб, 9,45 млрд долларни ташкил этди.
Захиралардаги қимматли қоғозлар ҳажми 1,02 млрд долларга (+4,2 млн доллар) ошди.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизимининг барқарорлигини таъминлашда асосий ўрин тутади. Улар кескин тебранишлар юз берганда курсга таъсир кўрсатиш орқали миллий валюта барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий рисклардан суғурта қилиш учун ишлатилиши мумкин.
Захиралар экспорт қилинадиган товарлар нархининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлар каби ташқи таъсирлардан ўзига хос «хавфсизлик ёстиғи» вазифасини бажаради.