4 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судида Яккасарой туманидаги The Tower Hotel меҳмонхонаси яқинида содир бўлган воқеада айбланаётган Акмал Шукуров устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Айблов
Дастлаб эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилганли. Кейинроқ унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «э» банди (Безорилик мақсадида баданга қасддан оғир шикаст етказиш / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан ҳам айблов қўйилди.
Судга тақдим этилган айблов хулосасига кўра, Шукуровга нисбатан яна иккита айблов қўйилган: 168-модда 3-қисми «а, г» бандлари (Кўп миқдорда ва ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик) ва ушбу модданинг 4-қисми «а» банди (Ўта йирик миқдордаги фирибгарлик).
Бундан ташқари, безорилик тўғрисидаги модда 3-қисмнинг «г» банди (Жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) бандига ўзгартирилди.
Ёпиқ суд
Podrobno.uz нашрининг хабар беришича, Шукуровнинг адвокатлари (Д.Идрисхўжаев ва О.Латипов) судья Баҳром Бердиев раислигида ўтаётган суд мажлисини ёпиқ қилиш ва ушбу ОАВ мухбирини суд залидан чиқариш тўғрисида илтимоснома киритган. Прокурор ва жабрланувчи Борис Авакян ва унинг рафиқаси бунга қарши чиққан, судья эса бу таклифни қўллаб-қувватлаган.
«4 сентябрь кунги суд мажлисида А.Ш.нинг адвокатлари томонидан суд жараёнида судланувчининг шахсий ва оилавий ҳаётига оид маълумотлар ҳам очиқланиши мумкинлиги сабабли оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, айбсизлик презумпцияси тамойилига асосан суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш юзасидан илтимоснома киритилган. Илтимоснома судда раислик этувчи судья томонидан қаноатлантирилган», — дейилади Олий суд хабарида
Олий суд органининг аниқлик киритишича, жараён якунлангач, ОАВга қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 16 мартга ўтар кечаси томида «12» (Twelve) бари жойлашган меҳмонхонада икки ташриф буюрувчи — Акмал Шукуров ва Хуршид А. ўртасида жанжал келиб чиққан. ИИББ хабарига кўра, жанжал муштлашувга айланган. Уларнинг таниши Борис Авакян уларни ажратмоқчи бўлган, бироқ бошига икки марта зарба қабул қилиб, ҳушини йўқотган ва полга йиқилган. У «бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жарохати» ташхиси билан шифохонага олиб борилган.
Борис Авакян.
Авакяннинг оғир ва бир муддат кома ҳолатида эди. У бир неча ойдан бери реабилитациядан ўтмоқда.
Борис Авакяннинг рафиқаси ва оиланинг дўсти Катя Gazeta’га The Tower Hotel меҳмонхонасидаги можаро тафсилотларини сўзлаб берганди. Хотинининг сўзларига кўра, Акмал Шукуровнинг отаси, илгари «коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган» Бобоқул Шукуров уни кўргани келган.
Воқеадан кейин Акмал Шукуров терговдан яширинган, бироқ қўлга олинган ва Қозоғистондан Тошкентга экстрадиция қилинган. У бунгача Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида (Ўта йирик миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб қидирувда бўлган, бироқ кейинчалик қидирувдан чиқарилган.
