• Вс. Авг 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Муҳандислик мактаблари, Авлоний стипендияси ва «Янги авлод» боғча тармоғи — таълим ислоҳоти режалари


Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Устувор вазифалар қаторига мактабгача таълим муассасаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, муҳандислик-техник йўналишларни ривожлантириш, педагогика олий ўқув юртлари талабаларини қўллаб-қувватлаш, илмий-маърифий ишларни такомиллаштириш киради, дейилади хабарда.

Президент администрацияси раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари, бунгача мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири лавозимида ишлаган Ҳилола Умарова маъруза қилди.

Ягона миллий ғоя концепцияси ва ўқувчиларнинг бўш вақти

Йиғилишда маънавий-тарбиявий ишлар таълимнинг бир қисми экани, аммо ҳозирда таълим муассасаларида бундай тадбирларга турлича ёндашиб келинаётгани қайд этилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришда яхлит тизим йўқ.

Шу боис болалар боғчасидан олий таълимгача қамраб олган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. У маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий режаси бўлиши кўзда тутилган. Натижада бундай ишлар тартибли ва савияли ташкил этилиб, ўқувчилар ортиқча тадбирларга жалб этилмайди, дейилади хабарда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ҳам ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади.

Мактабгача таълим: йилига 20 минг янги ўрин ва «Янги авлод» тармоқлари

Сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. Бу қамровни ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган.

Бунинг учун янги кўп қаватли уйлар қурилишида улардаги аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти ҳам бўлиши назарда тутилади. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади.

Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади.

2026−2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Муҳандислик мактаблари ва техника олийгоҳлари

Давлат раҳбари иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талабидан келиб чиқиб, техника ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш вазифасини қўйганди. Шунга мувофиқ, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда.

Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва Давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади.

2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади.

Абдулла Авлоний номидаги стипендия ва янги олийгоҳлар

Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.

Тошкент шаҳрида Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, «ToshTech» техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.

Бундан ташқари, ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшлар учун алоҳида давлат стипендияси йўқ эди. Шу боис жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3−4-курслари учун бўлиши ва ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундаши кутилмоқда.

болалар боғчалари, мактабгача таълим, таълим, таълим тизими, ягона миллий ғоя концепцияси

Йиғилишда фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тақдимот қилинди. Унга кўра, олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий даражали кадрларни тайёрлаш тартиблари такомиллаштирилади. Жумладан, докторантурага ажратилаётган квоталар мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланади.

Фанлар академиясининг республикада истиқболли илмий йўналишларни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланма натижаларини амалиётга татбиқ этишдаги ўрни кучайтирилади.

Президент билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Улардаги вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *