ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Олимпия шаҳарчаси ҳамда Миллий футбол марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар қилди.
Жанни Инфантино бошчилигидаги ФИФА делегацияси Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ЎФА биринчи витце президенти Равшан Ирматов ҳамда бошқа расмийлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида қурилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.
ФИФА президенти Жанни Инфантино ўз навбатида ушбу спорт инфратузилмасини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган шароитларни эътироф этди.
ФИФА делегацияси Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини ҳам кўздан кечирди.
Икки йил аввал ФИФА президенти Жанни Инфантино ушбу ҳудудга ташриф буюриб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган ва лойиҳалар билан танишганди. Ташриф давомида меҳмонларга марказ имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Бугун бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши мумкин. Замонавий стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрига тақдим этилган.
Спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилган. Жароҳатларнинг олдини олиш ҳамда футболчиларнинг қисқа фурсатда тикланиши учун хорижий ускуналар олиб келингани қайд этилди.
Делегация Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, VAR, терма жамоалар тайёргарлик маркази ва Республика футбол академияси фаолияти билан танишди.
Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашиб, Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади.
«Аввало, сизларни тарихий натижа билан табриклайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга берилаётган эътибор самараси. Футболингизнинг узоқ ва шарафли йўлни босиб ўтаётганининг мевасидир. Олдингизда шарафли вазифа — Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш турибди. Сиз миллионлаб мухлисларингизга қувонч улашяпсиз. Ишонаманки, Жаҳон чемпионатида бутун дунё яна бир бор Ўзбекистон футболининг салоҳиятига гувоҳ бўлади», — деди Инфантино.
Ташриф давомида ФИФА делегацияси марказ инфратузилмасига юксак баҳо бериб, бу ерда Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари мумкинлигини таъкидлади.