Хитойнинг Tianjin Rail Transit Group компанияси Тошкентда янги метро бекатларини қуришда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади Spot.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТнинг сентябр ойидаги президент иштирок этган саммитида ташкилотга аъзо давлатлар халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласини муҳокама қилган. Жумладан, чегаралардаги тирбандликлар, чегарадан ўтказиш жараёнининг ўз вақтида амалга оширилиши ва рақамлаштириш масалалари кўтарилган. Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатларга транзит йўналишлари имкониятларидан фойдаланиш имконини бериш таклифи билан чиққан.

Бундан ташқари, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини амалга оширишни жадаллаштириш масаласи ҳам кўтарилган. Лойиҳанинг амалий ижроси аллақачон бошланган. Вазир таъкидлашича, Трансафғон темир йўли ушбу уч томонлама темир йўл магистралининг мантиқий давомига айланади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой мультимодал ташишларни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

«Tianjin Rail Transit Group билан Тошкент метрополитени қурилиши бўйича ҳамкор сифатида музокаралар олиб борилди. Хусусан, пойтахтда мавжуд бекатларни модернизация қилиш ва янги бекатларни қуришда иштирок этиш таклифлари олинди», — деди Илҳом Маҳкамов.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси шаҳар метро линияси 2026 йил охирида қуриб битказилишини маълум қилганди. Линия 8 км узунликда бўлиб, учта бекатдан ташкил топади. У «Дўстлик» бекатидан Янги Тошкентгача бўлган йўналишнинг бир қисми бўлади. Қурилишнинг инвестори сифатида Туркиянинг Hvav Yapi Sanayi Ve Tic. A.S. компанияси иштирок этади.

14 август куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Хитой компанияси бош директори ўринбосари Юнкан Ма билан музокаралар ўтказган, томонлар метрополитен ва темирйўл транспортини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди. Ўшанда Хитой томони мавжуд метро линияларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, шунингдек, Тошкент — Самарқанд янги темирйўл линиясини ташкил этиш лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирганди. Шунингдек, учрашув давомида Жасурбек Чориев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли ва Трансафғон коридорини қуриш бўйича йирик лойиҳалар ҳақида ахборот берганди.