8 сентябрь куни Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олишни мажбурий шарт сифатида белгиловчи қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси ва Либерал-демократик партия матбуот хизматлари хабар берди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Бунда агар розилик шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади.
Болалар мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида белгиланади:
- 16 ёшгача — розиликни уларнинг ота-онаси (ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) беради;
- 16 ёшдан — улар мустақил равишда қарор қабул қилади.
Ҳужжатда, шунингдек, видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизликни таъминлашга оид талабларни белгилаш таклиф қилинган. Хусусан, бино ва иншоотларда видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.
Лойиҳада тасвирга олиш ва ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар доираси ҳам белгиланмоқда.
«Бугунги жадал ахборот-коммуникация даврида айрим ҳолларда шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмагани сабабли чекланмоқда», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.
Тартибга кўра, қонун лойиҳаси партия фракцияларида муҳокама қилинганидан сўнг Қонунчилик палатасига биринчи ўқишга киритилади (жами қонун лойиҳаси учта ўқишдан ўтиши керак, шундан сўнг Сенатга юборилади).
Адлия вазирлиги худди шундай қонун лойиҳасини 2020 йилнинг февраль ойида муҳокама учун эълон қилганди, ўшанда НҚХЛМ порталида 48 та шарҳ тўпланган, уларнинг аксарияти сўз эркинлигига таҳдид мавжудлиги сабабли қонун лойиҳасига қарши эди.
2025 йилнинг март ойида Адлия вазирлиги шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши белгиланган қонун лойиҳасини яна эълон қилди. Агар беш йил аввал фуқаро тасвиридан фойдаланиш деганда уни тарқатиш, қайта ишлаш ва намойиш этиш тушунилган бўлса, эндиликда бу тушунча ошкор этиш, сақлаш ва чоп этишни ҳам қамраб олиши мумкин.
