Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қурилиш крани қулаб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси

Қайд этилишича, ҳолат 8 сентябрь соат 16:10 атрофида туманнинг Тирсакобод кўчасида янги қурилаётган «Дўмбиробод сити» ҳудудида юз берган. Дастлабки ўрганишларга кўра, монтаж ташкилоти кранда монтаж ишларини олиб бораётган вақтида техник талабларга риоя этмаган.

Хусусан, краннинг таянч оёқларини асосга ўрнатиб ушлаб турувчи қисми мустаҳкам қотирилмаган. Оқибатда унинг кейинги қисмини қўйиш учун ҳаракатланиш даврида, кран бир томонга оғиб кетган. Сўнгра краннинг асосга қотирилмаган 2 та оёғи кўтарилиб кетиши оқибатида у ерга қулаган.

Бахтсиз ходиса вақтида кран кабинасида бўлган 25 ёшли бошқарувчи қаттиқ зарб сабабли вафот этган. Шунингдек, монтажда ёрдам бераётган яна 2 ишчи — 21 ва 25 ёшли йигитлар турли тан жароҳати билан касалхонага ёткизилган.

Тошкент шаҳри ИИББнинг хабар қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилди.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Тошкент шаҳри бошқармаси томонидан ходисани техник жихатдан текшириш бўйича мутахассислардан иборат комиссия шакллантирилиб, ўрганиш ишглари олиб борилмоқда.