Ўзбекистонда I гуруҳ ногиронлиги борлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши ногиронларига тенглаштирилган шахсларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган ялпи мажлисда буни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик фаолиятига аралашиши, ушбу ташкилотларнинг ходимларини бошқа юмушларга жалб этиши фақат табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар юзага келган ва жорий этилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин экани кўрсатиб ўтилди.
Аввалроқ Gazeta ҳукумат қарори билан «Автотранспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти тасдиқлангани ҳақида ёзганди. Регламентга кўра, автотранспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.
Шу йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ногиронлиги бор ўқувчилар учун ижтимоий такси йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.
Тошкент, Самарқанд ва Андижонда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда таҳсил олаётган ногиронлиги бор болалар учун имтиёзли такси йўлга қўйиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилган. У Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Yandex Uzbekistan билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган мактаб ўқувчилари мактабга таксида етиб келиши мумкин. Давлат транспорт харажатларини қоплайди — ҳар бир бола учун ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 бараваригача (450 минг сўм). Бунда имтиёзларни тақдим этиш шартларига қараб, саёҳат нархининг 60 ёки 100% гача қисми қопланиши мумкин.
