Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 август куни ўтказилган ялпи мажлисида депутатлар ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга оид қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини 2030 йил 1 январгача барча турдаги солиқлар (ижтимоий солиқ мустасно)дан озод қилиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, уларнинг хизматларидан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўланадиган тўловнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган қисми солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш белгиланади.

Gazeta Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати 2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида ДХШ асосида йўлга қўйилиши ҳақида ёзганди.

Ўшанда тизим тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябргача республиканинг қолган ҳудудларида жорий этилиши хабар қилинган.